Бу мавзуда ёзишимизга Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида гувоҳ бўлганимиз манзаралар сабаб бўлди. Негаки, бу ерда катталару болалардан ташқари, ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар ҳам даволаняпти.
Жажжи вужудига санчилган игна оғриғидан чинқираётган гўдаклар йиғиси юракларни эзади. Ёки қорнидаги 5-6 ойлик ҳомиласидан айрилиб қолган баъзи аёлларнинг ҳам қайғу-изтироб, ҳам хасталикдан дард чекаётганини кузатиш жуда оғир.
Шунга қарамай, шифокорлар бор куч-ғайратини ишга солиб, она-болаларни уйларига соғлом жўнатишнинг уддасидан чиқяпти. Масалан, жорий йил январь ойидан то бугунги кунгача Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида 360 нафар чақалоқ дунёга келди. Айни пайтда бу ерда туғилиб, муолажа олаётган 17 нафаридан ташқари, қолганларининг ҳаммаси ўз хонадонларида соғлом улғаймоқда. Шунингдек, бу ерда даволанган 2 379 аёлнинг хасталикдан тўлиқ халос бўлиб оиласи бағрига соғ-омон қайтгани қувонарли ҳолат аслида.
— Ҳомиладорлар патологияси бўлими 80 ўринга мўлжалланган, — дейди мазкур бўлим мудири Баҳодир Аллаяров. — Беморларимизнинг тузалиш муддати ўртача 10-12 кунни ташкил этади. Ҳомиладорликнинг 22-32 ҳафтасида аёлларда қон қуюқлашиши ҳолати кузатилиши маълум. «COVID-19» эса ана шу жараённи янада кучайтириб юборади. Бу эса беморлар ҳаёти учун хавфли. Шунга қарамай, тегишли муолажалар ва шифокорларимиз саъй- ҳаракатлари билан аёлларимизни ҳомиласига зарар етказмаган ҳолда даволашга эришяпмиз.
Аммо жонлантириш бўлимида ўта оғир аҳволдаги опа-сингилларимиз ҳам бор. Ўпкаси 90 фоиз зарарланган бемор ҳомиласидан айрилганидан ташқари, томоғига жойланган найча орқали нафас олишга мажбур.
Жонлантириш бўлими анестезиолог-реаниматологи Рустам Бобомуродовнинг айтишича, бундай беморлар ўз вақтида карантин қоидаларига етарлича эътибор қилмаган. Фарзанд кўришдан аввал вакцина олиш зарурлигини ҳам назардан қочирган. Қолаверса, касалликни анча ўтказиб, шифохонага мурожаат қилганларда ҳам асоратлар ўта оғир кечиши кузатиляпти.
— Ҳомилам олти ойдан ошган, —дейди бемор Б.Асомиддинова. — Ҳолатимиз ҳар доим назоратда. Бўлажак фарзандимнинг юрак уриши маромида. Шукрки, унга касаллик ўтмабди. Аёлларимизга ҳомиладор бўлишдан аввал эмланишни маслаҳат бераман. Давлатимиз бунинг учун барча имконият ва шароитни муҳайё қилган экан, бундан, аввало, ўзимиз ва туғилажак фарзандларимиз саломатлиги учун унумли фойдаланишимиз зарур.
— Ҳомиладор аёллар ичида ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари кам эмас, — дейди шифохона директори ўринбосари Ҳилола Алимова. — Аксарияти хасталикни пневмония билан, баъзилари реанимацион ҳолатда ўтказяпти. «COVID-19»га чалинган аёлларда кўпинча муддатдан олдин туғдириш амалиётини бажаришга тўғри келади. Чунки онанинг ҳам, боланинг ҳам ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Шу боис, турмуш қуришдан, ҳомиладорликни режалаштиришдан аввал вакцина олиш энг тўғри йўл, деб ҳисоблаймиз. Эмлангач эса уч ойдан сўнг ҳомиладор бўлиш мумкин. Бу оналар ва болалар соғлиги хавф остида қолмаслиги учун асос бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.