Шу кунларда юртимиз бўйлаб пиллакорларимиз томонидан “кумуш тола”ни йиғиб олиб, ҳирмонни тўлдириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Жорий йилда республикада биринчилардан бўлиб бухоролик меҳнаткаш пиллакорлар белгиланган режани бажариб, 41 минг 853 та оилавий звено ва касаначилар томонидан 42 минг 36 қути ипак қуртидан 2 минг 350 тонна пилла хирмони яратилди. Ипак қурти боқиш мавсуми эрта бошланган Фарғона, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида ҳам ҳирмонлар тўлди.
Бу йилги пилла етиштириш мавсуми аввалгиларидан анча фарқли ўтмоқда. Соҳада инновацион янгилик, замонавий технологияларнинг жорий этилиши ҳисобига бир йилда тўрт мартагача ипак қуртини парваришлаш ва пилла етиштириш тизими йўлга қўйилди. Бу эса озуқа базасига бўлган талабни янада оширмоқда. Шу боис, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан юртимиз об-ҳавосига мос тут дарахтларининг янги ҳосилдор навларини яратиш ва кўпайтириш борасида тизимли ишлар олиб бориляпти. Хусусан, жорий йилда Андижон вилояти Марҳамат туманида республикадаги биринчи тутчилик кластери фаолияти йўлга қўйилди.
Умумий майдони 30 гектардан иборат кластерда тут оналик майдони, кўчатзор, тажриба майдони ҳамда алмашлаб экиш майдонлари мавжуд. Бу ерда уруғчилик фаолияти учун оналик тутзори, тут кўчатлари етиштириш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш мақсадида пайванд усулида янги навлар яратиш ишлари олиб борилмоқда. Корхонада 12 нафар доимий, 154 нафар мавсумий иш ўринлари яратилган.
Ипак қуртининг асосий озуқа манбаи тут дарахти барглари бўлгани ҳолда, пиллачилик тармоғида мавжуд озуқа базасини сақлаб қолиш ва уни янада ривожлантириш пилла етиштириш ҳажмини кўпайтиришнинг асосий омили саналади. Соҳада узоқ йиллардан буён меҳнат қилаётган инсонлар ипак қурти боқиш учун озмунча озуқа зарур бўлмаслигини яхши билади. Ҳудудларда катта майдонларни эгаллаётган тутзорлар сонининг аввалги йилларга нисбатан ортиб бораётгани боиси ҳам шундан.
Кластерда вилоятларда талаб юқори бўлган касалликларга ҳамда иссиқ-совуққа чидамли серҳосил тут навлари етиштирилади. У йилига 3 миллион дона тут кўчати, 400 килограмм тут уруғи ҳамда 1,5 миллион дона “Марҳамат 2017” нави куртакларини тайёрлаш қувватига эга.
Тут кўчатлари асосан икки усул — уруғидан ва пайванд усулида етиштирилади. Мутахассисларнинг айтишича, кўчатлар уруғидан кўпайтирилганида 2 йилда тайёр бўлса, пайванд усулида тайёр кўчатни олиш учун 3 йил вақт керак бўлади. Янги тут навларини яратишда эса селекция усулида чанглатиш ва танлаб олиш усулидан фойдаланилади. Бу борадаги изланишларда Ўзбекистон ипакчилик илмий тадқиқот институти олимлари билан ҳамкорликда иш олиб борилади.
Тутчилик кластери раҳбари Абдуфаттоҳ Мусулмонқулов шу соҳада узоқ йиллик тажрибага эга агрономлардан. Қаҳрамонимиз илк иш фаолиятини республикани сифатли тут кўчатлари билан таъминлаш ва хорижга экспорт қилиш мақсадида бошлаган.
— Мазкур кластер 1999 йилда “Ипак” фермер хўжалиги сифатида ташкил этилган, — деди хўжалик асосчиси Абдуфаттоҳ ака. — Ўтган йиллар давомида бу ерда тут селекцияси, уруғчилиги, тут ниҳоли ва кўчатчилиги йўлга қўйилди. Кейинчалик унинг фаолияти кенгайиб, замонавий технологиялар билан бойитилиши ҳисобига жорий йилда кластер мақоми берилди. Эндиликда, биз нафақат тут кўчатлари етиштириш, балки тайёр хомашё олишга ҳам ихтисослашяпмиз. Ҳозирда кластерда бир қанча инновацион технологиялар, хусусан, тут уруғларини касета усулида экиш, навли тут меваси уруғини замонавий дастгоҳ орқали ажратиб олиш кабилардан фойдаланилмоқда.
Кластерда айни пайтда янги, замонавий лойиҳаларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган. Унга кўра, 0,5 гектар майдонда бунёд этилаётган иссиқхонада 2 миллион дона тут кўчати етиштирилади. Корхонада умумий қиймати 2 миллиард сўмга тенг лаборатория ҳам ташкил этилмоқда. Бу ерда “InVitro” усулида йилига 5,5 миллион дона ҳосилдор навли тут кўчатлари етиштириш йўлга қўйилади. Таҳлилларга кўра, оддий усулда бир йилда бир марта тут кўчати етиштирилиб, 1 гектардан 12,5 тонна ҳосил олинса, “InVitro” усулида йилига 4-5 марта кўчат тайёрлаб, ҳосилдорликни 25 тоннага етказиш имконияти мавжуд. Кластер лабораториясида етиштириладиган кўчатларни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон сингари яқин қўшни давлатларга экспорт қилиш ҳам режалаштирилган.
Бундан ташқари, кластерда тут дарахти меваси, барги, илдизи, пўстлоғи ва замбуруғидан инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бу маҳсулотлар фармацевтикада қўлланилиб, кўплаб касалликларга шифо бўлиши ўрганилган.
Мамлакатимиздаги биринчи тутчилик кластери тармоқда ижобий тажриба бўлиши кутилмоқда. Хомашё етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённинг бир нуқтада жамланиши тармоқ имкониятларини кенгайтириш баробарида, оилаларни доимий даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилади. Кластер тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, тумандаги 500 нафарга яқин аҳоли вакиллари доимий ва мавсумий иш ўринлари билан таъминланди.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири