Қайд этилишича, истеъмолчи шу йилнинг август ойида Жондор туманидаги мебель цехига 1300 долларлик ётоқхона мебели буюртма қилган ва бошланғич бадал сифатида 500 доллар берган. Бироқ орадан 3 ой ўтса-да, мебелдан дарак бўлмаган. Буюртмачи неча бор мурожаат қилмасин, уста турли баҳоналар билан мебель тайёрлаб беришни кечиктириб келган. Мурожаат ўрганилиши натижасида истеъмолчига мебель учун бадал сифатида тўлаган 500 доллари тўлиқ қайтариб берилишига эришилди.

Яна бир мурожаат фуқаро Ж.Б. дан келган. Унда қайд этилишича, истеъмолчи тишини даволатиш учун "Р.К.Дентал" хусусий стоматологиясида шифокорга 5 980 000 сўм нақд пул беради, бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, қўйилган тишлар яроқсиз ҳолга келиб қолади. Бу ҳолат юзасидан истеъмолчи шифокорга мурожаат қилади. Шифокор қайта даволашини айтиб, шу кунга қадар истеъмолчини алдаб келади. Ушбу мурожаат Бухоро шаҳар жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида истеъмолчига 5 980 000 сўм пули тўлиқ қайтарилди.

Шофиркон туманида яшовчи Р.Н. ўз мурожаатида Ғиждувон туманида жойлашган деҳқон бозоридаги "Samsung" савдо дўконидан 3 500 000 сўмга "Indesit" музлаткичини харид қилгани билан боғлиқ муаммо ҳақида ёзган. Қайд этилишича, музлаткич сифатига 3 йил кафолат берилган, аммо муддат тугамай, музлаткич мотори носоз аҳволга келиб қолган. Бундан норози бўлган истеъмолчи тадбиркорга алмаштириб бериш ёки тўланган пулни қайтариб беришни сўраб мурожаат қилган. Сотувчи эса алмаштиришдан бўйин товлаган. Ушбу мурожаат ўрганилиши натижасида музлаткич мотори тадбиркор томонидан тўлиқ таъмирлаб берилди, дейилади Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати хабарида.