Меҳмонлар шифобахш ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган “Меҳригиё” кичик корхонасида тропик мевалар ва ўсимликлар етиштирилаётган иссиқхоналар ва плантацияларни кўздан кечирдилар.

Шунингдек, папая, зайтун, расторопша, киви, лаванда, банан каби турли ўсимликлар ҳамда меваларни маҳаллийлаштириш, улардан фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнларини кузатди.

Айтиш жоиз, корхонада доривор ўсимликларни етиштириш ва уларни қайта ишлаш асосида 100 дан зиёд шифобахш чой, шарбат ва асалли маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилганлиги делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди. Эътиборлиси, ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари чет давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Сайл доирасида ҳамюртларимиз ва хорижлик сайёҳлар учун лаванда гули ва ифоридан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, папайя, банан, годжи, киви, зайтунзорлардан иборат саломатлик боғи бўйлаб экосаёҳат, тиббиёт туризми ва мутахассислар кўриги, турли концерт ва шоу дастурлар ташкил этилган бўлиб, кузатувчиларда катта таассурот қолдиради.

Меҳмонларга лаванда боғларининг такрорланмас гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, махсус рецепт асосида тайёрланган лавандали таомлар, музқаймоқ ва салқин ичимликлардан татиб кўриш, лавандазордаги унутилмас фотосессияларда иштирок этиш имконияти тақдим этилмоқда.

Барча юртдошларимизни ва юртимиз меҳмонларини июнь ойи якунига қадар давом этадиган лаванда сайлига таклиф қиламиз, дейди Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.