Бугун мамлакатимизда яратилаётган имкониятлар, илгари сурилаётган ташаббуслар ва эзгу ишларнинг салмоғи кундан кунга ортиб бормоқда.

Педагогман, таълим соҳасида ишлайман, умуман олганда, келажагимиз учун бефарқ эмасман деган ҳар бир инсон аслида тарбиячидир. Зотан, бугунги тезкор замонда четда томошабин бўлиб туришга ёки таълим-тарбия масаласи фақат мутахассисларнинг иши деб қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Катта орзу-ниятлар билан янги Ўзбекис­тонни бунёд этмоқдамиз. Бу жараёнда эса таълим соҳаси вакиллари, миллат эртасининг тарбиячилари ҳисобланган зиёлилар бир ёқадан бош чиқариб, меҳнат қилиши даркор. Биз ҳам университетимиз жамоаси билан мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида жавлон уриб меҳнат қилаётирмиз. Айниқса, сўнгги ўн йилликда таълим соҳасига эътибор педагогларни, профессор-ўқитувчиларни шук­рона билан яшаш ва касбидан фахрланишга ундамоқда. Мажбурий меҳнат, пахта йиғими ва бошқа қора ишлардан зиёлиларнинг озод этилганимана энди уларга чинакам зиёли сифатида муносабатда бўлинаётганидан далолат. Ҳозир бор эътиборимизни таълим сифатини кўтариш, халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш, ёшларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини юксалтиришга қаратяпмиз.

Университетимизда 2017 йилда талабалар сони 3550 нафарни ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб, 15 минг 242 нафарга етди. Йигит-қизларимиз 64 та бакалавриат таълим йўналишида таҳсил олмоқда. 24 та магистратура мутахассислигида 293 нафар талаба дастлабки илмий тадқиқотлар билан шуғулланмоқда. 2026/2027 ўқув йилида 3250 нафар абитуриент ўқишга қабул қилинади. Тўғри, бу рақамлар кишини хурсанд қилади. Қанча ёшларимиз олий маълумотли бўлса, шунча яхши. Аммо ҳар бир рақам остида минглаб тақдирлар турганини инобатга олсак, бу жараён барча профессор-ўқитувчилардан катта масъулият талаб этади.

Сон бор жойда сифат, сифат бор жойда сон ўсиши керак. Бу ўринда олийгоҳимизнинг илмий салоҳияти йилдан йилга ўсаётгани Гулис­тон давлат университети креатив фикрловчи ёшлар ва ўз тадқиқоти билан юрт тақдирига, халқ манфаатига хизмат қилишни бурч деб билган олимлар марказига айланаётганидан далолат. 2023 йилда илмий салоҳиятимиз 40,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 42,3 фоизга, 2025 йил якунларига келиб эса 50,1 фоизга етди. 2026 йилнинг биринчи чорагида илмий салоҳият 53 фоизни ташкил этди. Илмий кадрлар таркиби ҳам сифат жиҳатидан сезиларли янгиланди. 2023 йилда университетда 157 нафар фалсафа доктори фаолият юритган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони 205 нафарга етди. Айниқса, ёш олимлар улушининг ортиши университетда илмий мактаблар барқарор ривожланаётганини кўрсатади. Хусусан, 40 ёшгача бўлган PhD даражасига эга олимлар сони 39 нафардан 72 нафарга етди, аёл PhD олимлар сони эса 28 нафардан 59 нафаргача ошди. Бу эса университетда гендер мувозанатини таъминлаш ҳамда ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш сиёсати самарали амалга оширилаётганини кўрсатади. Албатта, бу рақамлар тизимли равишда ўсиб, илмий тадқиқотлар қамрови кенгайиб боради.

Мамлакат эртаси илм-маърифат, китоб билан нурлидир. Бу ўринда юртимизда китоб­га эътибор, китобхонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳар галгидан юксалиб бормоқда. Нафақат университетимиз, балки вилоятимиздаги барча маҳалла ёшлари, хусусан, уюшмаган ёшлар учун ҳам хизмат қилувчи, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этувчи кутубхона барпо этиш қалбимиздаги ниятлардан бири эди. Бу ниятни яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда амалга оширдик. Ҳозир бир вақтнинг ўзида 700 нафар китобхонга хизмат қилувчи университет ахборот-ресурс маркази фаолият юритмоқда. Бугун кутубхонамизга келувчилар ҳамда ундан фойдаланувчилар сони университет талабалари сонидан ошиб кетган. Сабаби, чекка-чекка маҳаллалардан, қишлоқ ва туманлардан ўқувчилар, ёшлар келиб, марказ билан танишмоқда, китоб мутолаа қилмоқда. Китобхонлик лойиҳаларида фаол иштирок этмоқда.

Ниятимиз университетимиз талабалари орасидан яна кўплаб “Ёш китобхон” ­танлови ғолиблари — “Президент совғаси” совриндорлари етишиб чиқсин. Президентимиз олдимизга асосий вазифа сифатида ёшлар ташаббусларини ўрганишни қўйиб берди. Янги Ўзбекистонда ҳар бир раҳбар ёш авлоднинг таклифларини ўрганиши, уларни қўллаб-қувватлаши, уларнинг дарду ғами билан яшаб, муам­моларини бартараф этиши орқали Учинчи Ренессанс бунёдкорларини тарбиялашга муносиб ҳисса қўшган бўлади.

Бу ўринда биз — олий таълим ташкилотлари раҳбарлари ёшларни эшитиш бўйича намуна бўлиб, юксак ислоҳотлар жараёнида Президентимизга қанот бўлишимиз даркор. Гулистон давлат университетида ҳар пайшанба куни ёшлар билан учрашув ўтказишни анъанага айлантирдик. Бу учрашувлар айни кунларда “Долзарб 90 кунлик” доирасида ҳам давом этмоқда. Ёшлар билан ҳар галги учрашувда уларнинг кўзлари ёниб туришини, илми ва истеъдоди йўлида янги ғоя ҳамда ташаббуслар билан чиқишларини кўриб, дилим яйрайди. Ана шу онда мамлакатимиздаги ёшлар сиёсати бўйича қилинаётган ислоҳотлар қай даражада муҳим эканини яна бир карра чуқур ҳис қиламан. Филология факультети талабалари билан бўлиб ўтган учрашувда университетимизнинг “Мушоира” клуби аъзолари “Устоз, шеърларимизни клуб машғулотларида анча чархлаб боряпмиз. Таклифимиз — ижодимизни тўплаб, бир китоб қилсак ва нашр эттирсак”, деганида, шеърларидан айтиб берганида қалбимиз қувончга тўлди. Тинч ва осойишта янги Ўзбекис­тонга мана шундай шеърлар, мана шундай шодон ёшлар ярашади, албатта. Таклиф ижроси юзасидан китоб тайёрлашга киришдик. Бугун Гулистон давлат университетининг ижодкор талабалари қаламига мансуб шеърлар жамланган салкам 200 саҳифали китоб нашр этилиш арафасида турибди. Бу ҳам мустақиллигимизнинг 35 йиллигига университетимиз номидан ижодкор ёшларимизнинг бир туҳфаси бўлади, десам муболаға бўлмас. Университетда ижодий муҳитни янада ривожлантириш йўлида ҳаракат қиляпмиз. Натижада ижодкор ўғил-қизларимиз ҳали талаба бўлишига қарамай, давлат мукофотларига муносиб кўрилмоқда. Олийгоҳимиз ёшларидан адабиёт йўналишида “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан Ёрқинжон Ҳайитбоевнинг, худди шу йўналишда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан Зарнигорхон Абдуолимованинг, санъат йўналишида эса Жасмина Шералиеванинг мукофотлангани университетимиз ижодкор ёшлар учун қанот бўлаётганидан далолат.

Бундан ташқари, Туркманистонда ўтган “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари” фани бўйича очиқ халқаро интернет-­олимпиадасида 2 талабамиз ғолибликни қўлга киритди. “Bukhara International Mathematics Olympiad — 2026” да иштирок этган университетимиз жамоаси 3 та кумуш, 2 та бронза медаль ва 1 та жамоавий кубок соҳиби бўлди. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида математика, физика ва информатика фанлари бўйича ўтказилган 22-халқаро Жаутиков олимпиадасида эса жамоамиз 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди. Биз бу натижалар билан тўхтаб қолмаймиз. Ёшларимизнинг ютуқлари бардавом бўлиши учун янада улкан режаларни мақсад қилганмиз.

Янги Ўзбекистон қандай қудратга эга эканини спортчиларимиз дунё ареналарида ­намоён этиб келмоқда. Буни яқиндагина мундиалда Ўзбекистон жамоасининг илк бора иштирок этгани ва бу Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи давлат сифатида тарихга киргани ҳамда футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги биринчи ўзбек голини сирдарёлик вакилимиз Аббосбек Файзуллаев дарвозага киритгани кўрсатиб қўйди. Тўғри, биринчи маротаба бўлгани сабабли ғалабага эриша олмагандирмиз, аммо ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмаслигини, яна меҳнат қилиб, ўз устимизда ишлашимиз лозимлигини тушундик. Ўйлайманки, ҳали терма жамоамиз мундиалда муносиб ғалаба қозонган кунларни ҳам кўрамиз. Сабаби, Ўзбекистон — ёшларга катта имкониятлар берадиган, бутун дунё ҳавас билан қараётган мамлакат.

Ўтган ўқув йилида Гулистон давлат университетида барча шароитга эга спорт майдони қад ростлади. Майдонда футбол, енгил ­атлетика, стол тенниси ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиш учун ҳамма имкониятлар етарли. Мамлакатимизда ҳар йили турли танловлар, “Беш муҳим ташаббус” олимпиадалари ўтказиб келинмоқда. Ўтган йили олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида ўтказилган “Беш муҳим ташаббус” олимпиадасининг республика финал босқичига Гулистон давлат университети мезбонлик қилди. Натижаларга кўра эса университетимизнинг футбол жамоа­си мини футбол бўйича барча ҳудуд жамоаларини ортда қолдириб, республика чемпиони деган номга сазовор бўлди. Албатта, бу ютуқлар билан чекланиб қолмай, ўз устимизда янада ишлаб, университетимиз талабаларининг спорт соҳасидаги ютуқлари бардавом бўлиши учун ҳаракат қилишимиз даркор.

Истеъдодли ёшларни муносиб рағбатлантириш натижадорликни оширади. Университетимизда юқори натижалар эгаллаб, шахсий намуна кўрсатаётган, респуб­лика ва халқаро миқёсдаги танлов ҳамда лойиҳаларда фаол иштирок этаётган ёшларимиз жуда кўп. Уларни ўз вақтида моддий ва маънавий рағбатлантириб бормоқдамиз. Аммо рағбатнинг яна бошқа усулларини топиш кераклиги ҳамда бунинг ортидан ёшларнинг мотивациясини ошириш устида анча вақт ўйлаб юрдим. Сабаби, бугун ёшлар билан ишлаш, уларни юрт тақдирига муносиб ҳисса қўша оладиган қилиб тарбиялаш, дахлдорлик ҳиссини юксалтириш, уларни ҳар қандай ёт ғоя­лардан асраш ҳар қачонгидан муҳим. Мен ҳар сафар қайсидир ишни бошлашдан олдин мутолаа қилишни одат тусига айлантирганман. Ана шундай мутолаа жараёнларининг бирида бир ғоя келиб қолди. Университетнинг энг фаол, намунали, ташаббускор ва юқори натижалар қайд этган талабаларининг хонадонларига — бевосита уларнинг ота-оналарига урғу қаратган ҳолда махсус ёрлиқлар илсак-чи деб ўйлаб қолдим. Ён дафтаримга бу ёрлиқнинг номини “Шараф ёрлиғи” деб ёзиб қўйдим. Албатта, ҳар қандай ота-она ўз фарзандидан ифтихор туйса, шарафланса, фарзанднинг ҳам қалби, ҳам келажаги нурга тўлади. Ёрлиқ ичига “Ушбу хонадонда Гулистон давлат университетининг энг намунали талабасини тарбиялаган муҳтарам ота-она истиқомат қилади”, деб ёздик. Ғоя таклифга, таклиф эса ҳаракатга айланиб, ҳар бир факультетимиздан ушбу ёрлиққа муносиб, энг намунали талабаларни танлай бош­ладик. Барча факультет деканлари оилаларга, хонадонларга бориб, энг намунали талабанинг ота-онасига ана шу ёрлиқни ифтихор билан топширди. Ўша онда барча оналарнинг мижжасида ёш кўрдик. Бу фахр ва қувонч ёши эди. Албатта, намунали талабани танлашда бугун ҳар бир ҳудудда илгари сурилаётган ободончилик, талабанинг табиатга, атроф-муҳитга, маҳаллаю қишлоқнинг ободлигига муносиб ҳисса қўшганини ҳам алоҳида эътиборга олдик. Шу зайлда энг намунали талабаларни тарбиялаган обод хонадонлар университетимизнинг “Шараф ёрлиқлари”га муносиб кўрилди. Натижа кутганимиздан зиёд бўлди. Бугун Гулистон давлат университети талабалари ана шундай “Шараф ёрлиқлари” билан ота-оналарини хурсанд қилиш йўлида ўзаро соғлом рақобат асосида ўз устида ишлаб, таълим ва ижтимоий ­фаоллик рейтингларини ошириб бормоқда.

Ободлик кўнгилдан бошланади. Шундай кўнгиллардагина бунёдкор ғоялар бўй чўзади. Ҳар бир хонадон, ҳар бир кўча, ҳар бир мажмуа обод бўлса, юртимиз чиройига чирой қўшилади. Бунинг учун эса, аввало, ҳар биримиз шахсий намуна кўрсатишимиз керак. Университетимизнинг бир гуруҳ фаол талабаларини волонтёрлик клуби остида ­бирлаштирдик. Унинг номини Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов хотирасига ҳурмат тариқасида, шоир шеъри номига ҳамоҳанг тарзда “Жилға” деб атадик. Албатта, бугун клуб ­аъзолари университетимиз атрофидаги маҳаллаларда, вилоятнинг турли қишлоқларида ёлғиз нуронийлар ва имконияти чекланган инсонларнинг хонадонларида ҳашар ишларини тизимли бажариб келмоқда.

Бугун мамлакатимизни дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Сабаби, янги Ўзбекистон нафақат ислоҳотлар замини, балки ана шу ислоҳотларнинг амалдаги тасдиғини намоён этган адолат, ҳақиқат ва тотувлик масканидир. Унинг маърифий мажмуасига айланган Ислом цивилизацияси маркази — миллий маънавиятимизнинг, юксак эътиқодимизнинг ва жаҳон тамаддунига қўшган муносиб ҳиссамизнинг кўзгуси. Жамоамиз билан марказда бир эмас, бир неча марта бўлдик ва истеъдодли ёшларимизни рағбатлантириш сифатида уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳатини ташкил этдик. Ҳар сафар ёшлар билан учрашувда марказда бўлган талабаларимиздан сўрасам, кўрганларини тўлиб-тошиб гапириб беради. Ҳа, давлатимиз раҳбари юртимизнинг бой мероси ҳақида ана шундай тўлиб-тошиб, ифтихор билан гапиришимизга имкон яратиб берди. Бунинг учун эса чексиз шукрона келтириб, бундай мажмуалар билан ёшларимизни кўпроқ таништиришимиз керак. Мен ушбу марказда бўлиб, сўнгги 10 йилдаги ислоҳотлар кўлами нақадар кенг эканини чуқур ҳис қилдим.

Яқинда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаймиз. Ўтган фурсат давомида юртимиз дунё харитасидаги ўрнини янада мустаҳкам эгаллаб, Ўзбекистон қандай диёр эканини бутун оламга кўрсатиб қўйди. Айниқса, сўнгги 10 йилликдаги одилона, халқчил сиёсат янги Ўзбекистоннинг дипломатик қиёфасини янада жозибадор кўринишга келтирди. Жорий йил хизмат сафари билан Хитойда бўлдим. У ердаги бир қанча олий таълим муассасалари ректорлари билан музокаралар ўтказдик. Учрашган ҳар бир ҳамкоримиз мамлакатимиз ҳақида жуда илиқ фикрларни билдирди. Айниқса, улардан бирининг “Сизнинг юртингиз билан ҳамкорлик қилиш биз учун шараф. Чунки Президентингизнинг очиқлик сиёсати янги Ўзбекистоннинг чин маънода янги ривожланиш босқичига чиққанидан далолатдир”, деб таъкидлагани мени фахрлантирди. Бугун Ўзбекистонга, хусусан, Сирдарёга хорижий делегацияларнинг кети узилмаяпти. Университетимизда ҳам хитойлик ҳамкорларимизнинг ташрифлари манфаатли бўлмоқда. Ахборот технологиялари ва физика-математика факультети ҳузурида янги марказ, филология факультетимиз ҳузурида хитой тили марказини ташкил этдик. Шунингдек, Самад Вурғун номидаги озарбайжоншунослик аудиториясига асос солинди. Авваллари профессор-ўқитувчиларнинг хорижга хизмат сафарига бориши шов-шувли воқеа бўлар эди, аммо бугунги имкониятлар натижасида гуруҳ-гуруҳ талабаларимиз бир қарасангиз Хитойда, бир қарасангиз дунёнинг яна бошқа бир мамлакатида алмашинув дастурларида иштирок этишмоқда. Бу эса ёшларимиз учун юртимиздаги имкониятлар халқаро эшикларни ҳам очаётганидан далолат.

Ҳар йили мамлакатимиз мустақиллигини нишонлайдиган мунаввар кунлар арафасида Президентимиз тегишли фармонларга имзо чекиб, турли соҳалардаги бир гуруҳ фидойи ва ватанпарвар юртдошларимизни юксак давлат мукофотлари билан тақдирлайди. Мен ана шу жараёнда мамлакатимиз зиёлиларининг муносиб рағбатлантирилаётгани, қилинган меҳнатга юксак жавоб қайтаётганидан хурсанд бўламан. Бу йил айнан улуғ байрамимиз шукуҳи кезиб юрган кунларда Президентимизга Қирғиз Республикасининг I даражали “Манас” ордени берилгани ва уни шахсан қардош мамлакат раҳбари самимият ва чексиз ҳурмат билан тақдим этгани мени, аввало, бир фуқаро, зиёли педагог сифатида ниҳоятда хурсанд қилди ва хаёлимдан бир ўй ўтди. Президентимиз ҳар йили мус­тақиллик айёмида юртдошларимизни хурсанд қилар эди, уларнинг кўнглини тоғ қадар кўтарарди. Мана, бу йил эса қўшниларимиз мамлакатимиз етакчисини шу қадар эъзоз­лаб, янги Ўзбекистон ислоҳотларини эътироф этиб, ўзларининг энг юксак мукофотларини тақдим этаётгани — давлатимиз раҳбарининг азму шижоатларига берилган одилона баҳо ва халқимизнинг самимий дуолари натижасидир. Албатта, юрт ишқи билан жавлон урилган меҳнат, бу йўлда сафарбар этилган умр ҳаммамиз учун ҳақиқий ўрнакдир.

Шу ўринда бир савол бериш ўринлидир. Хўш, мустақиллик ўзи нима? Мустақиллик миллат эртаси учун негиз демакдир. Мус­тақиллик ҳар томчиси эзгулик деб номланадиган денгиз, ҳар қояси Ватан деб номланадиган тоғ, ҳар томири халқ деб номланадиган дарахт кабидир. Ҳар ниҳолга қаров керак бўлгани каби мустақилликни ҳам асраш, қадрига етиш, ҳимоя қилиш лозим. Шубҳасиз, “Янги Ўзбекистон” ғояси мамлакатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар эшигини очиб, Ватанимиз номини дунё ҳамжамияти олдида янада забардаст тутиб бермоқда. Биз мана шу юрт учун муносиб ҳисса қўша олишимиз даркор. Бунда хизматимиз ёшларнинг ўзбекона тарбияси, халқаро стандартларга асосланган сифатли таълимида намоён бўлади.

Мухсин ҲОЖИЕВ,

Гулистон давлат университети ректори,

техника фанлари доктори, профессор
Ҳамкорлик материали