Учрашув давомида коррупцияга қарши самарали курашиш ва давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Украина томони Ўзбекистонда давлат бошқаруви соҳасига жорий этилаётган ахборот технологиялари ва инновацияларга юқори баҳо берди. Хусусан, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими («Project.gov.uz»), Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали («Regulation.gov.uz»), Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими («E-qaror») ишлаш тартибига катта қизиқиш билдирилиб, уларнинг давлат бошқаруви шаффофлигини таъминлашдаги ўрнини алоҳида эътироф этилди.

Ўз навбатида, украина томонининг эътиборига Ўзбекистонда давлат органларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги сўнгги ислоҳотлар, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш бўйича тўпланган миллий тажриба, юқорида кўрсатилган ахборот тизимларини жорий этиш орқали эришилган ижобий натижалар ҳақида батафсил ахборот берилди.

Учрашув якунида томонлар норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш услубиётини такомиллаштириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган янги механизмларини ишлаб чиқиш ва бошқа ўзаро манфаатли соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олди, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.