Шундай қилиб, 4 март ҳолатига кўра, умумий ҳисобда 11 та авиарейс билан 2 579 нафар ватандошимиз қайтарилди.

Катовице аэропортидан учта қўшимча парвоз кутилмоқда: бугун соат 14:30 ва 16:00 да ҳамда 5 март соат 03:00 да.

Польша ҳудудида мамлакатимизнинг 1 480 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. Улардан 700 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 780 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон ўз фуқароларини жанговар ҳаракатлар зонасидан олиб чиқиш бўйича тезкор ишларни йўлга қўйган саноқли давлатлар сафига кирди. Барча қайтариш рейслари бепул амалга оширилмоқда.

*****

Польшадаги Ўзбекистон Элчихонасининг маълумотларига кўра, Катовице аэропорти бугунги кунда одамлар билан тўлган. Дипломатларимизнинг саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон фуқароларига шароитлар яратилган. Жумладан, улар иссиқ овқат билан таъминланмоқда. Шаҳар маъмурияти томонидан аэропорт биносига кириш ва йўловчиларни рўйхатга олиш учун соддалаштирилган тизим ишга туширилган. Жамоат тартиби полиция ва маҳаллий кўнгиллилар томонидан назорат қилинмоқда. Болали аёллар ва кексалар учун махсус коридор ташкил этилган. Барча фуқароларга олдиндан тайёрланган рўйхатлар асосида хизмат кўрсатилмоқда.

Фуқароларнинг Ватанимизга тезроқ қайтиш истагини англаган ҳолда барча юртдошларимиздан хотиржамликни сақлашлари, ваҳимага берилмасликлари, провокациялар ва зиддиятли вазиятларга учмасликларини сўраймиз. Ишонтириб айтамизки, барча фуқаролар мамлакатимизга қайтарилади.