Бешариқ туманида истиқомат қилувчи Дилфузахон Махсудова 1988 йилда фарзанд кўрмай биринчи турмушидан ажрашган.

1996 йилда эса Дилфуза опага тақдир Расулжон Аҳмаджоновни рўпара қилди. Улар 25 йилдан буён тинч-тотув оила сифатида бирга яшайди. Бироқ қонуний никоҳлари қайд этилмаган...

— Аёл кишига энг оғири «Фарзандсиз» деган тамға бўлса керак, — дейди Дилфуза Махсудова. — Бироқ тақдир менга Расул акани учратди. Оғир, босиқ, мулоҳазали инсон сифатида турмуш ўртоғимга ҳурматим чексиз. Бир ўғил, бир қизли ҳам бўлдик. Қизимни турмушга бердим. Хуллас, бахтлиман, деб айта оламан. Менга тақдирнинг энг буюк тухфаси — бугун шифохонада бўлсада қонуний никоҳимиз қайд этилгани бўлди. Қалбимнинг бир чети кемтик эди. Бугун турмуш ўртоғим менга нима керак бўлса ҳаммасини тўкис берди. Қонуний никоҳ мен учун турмуш ўртоғимнинг буткул ишончи, деб қабул қиламан.

Бугун Расулжон Аҳмаджоновнинг бетоблиги сабаб Бешариқ туман ФҲДЁ бўлими вакиллари белгиланган тартибда сайёр тартибда у киши ва Дилфузахон Махсудовани қонуний эр ва хотин, дея эълон қилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Фарғона вилоятида жорий йилнинг 11 ойи давомида 23 минга яқин никоҳ қайд этилган бўлса, уларнинг 183 таси сайёр равишда расмийлаштирилган, деб хабар беради Давлат хизмати агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси матбуот хизмати.