Авваллари далада кетмон кўтариб, ер чопган одам борки, деҳқон, каттароқ ер эгаси эса фермер саналаверарди. Ҳозир “деҳқон” сўзи деярли ишлатилмай қолди. Энди ер эгалари агротадбиркор, кластер ёки фермер хўжалиги раҳбари каби замонавий номлар билан аталяпти. Соҳа вакилларининг фаолияти, ёндашуви, иш йўналиши ҳам шунга мос. Умуман, янги Ўзбекистонда анъанавий қишлоқ хўжалиги ўрнини илм-фан ва илғор технологияларга асосланган замонавий тизим эгаллади.
Натижада мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги аҳоли турмушини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий ривожланишда энг муҳим тармоқлардан бирига айланди. Кейинги йилларда дунёда кечаётган мураккаб иқтисодий ва экологик вазиятга қарамай, катта натижаларга эришилмоқда. Хусусан, жорий йил пахтачиликда 875 минг гектар ердан 4 миллион тоннага яқин ҳосил олиниб, пахтада ўртача ҳосилдорлик илк бор 46 центнерга етган. Ғаллакорларимиз эса 8 миллион 400 минг тонналик хирмон кўтарган бўлса, шоликорларимиз 1 миллион 340 минг тонна ҳосил олишга эришди. Қолаверса, юртимиз бўйлаб 3,4 миллион тонна мева, 2 миллион тонна узум, 19,5 миллион тонна сабзавот, полиз ва картошка, 1 миллион тонна дуккакли ва мойли экинлар етиштирилди.
Бунда, шубҳасиз, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган 3,5 миллиондан зиёд меҳнаткашнинг ҳиссаси беқиёс. Улар салмоқли меҳнати билан эл дастурхонига қут-барака олиб кирмоқда. Қолаверса, серқуёш юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хориж бозоридан ҳам муносиб ўрин эгаллашига хизмат қиляпти. Жорий йилда мева-сабзавотларимиз 80 дан зиёд давлатга экспорт қилингани сўзимиз исботидир.
Давлатимиз раҳбари шу йил 13 декабрь куни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига байрам табриги йўллади. Соҳа фидойиларининг хизматини эътироф этиб, миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Президентимизнинг тегишли фармони билан соҳада алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ходимларга фахрий унвон, орден ва медаллар берилди.
Фермернинг қаноти — техника
Ер билан тиллашган одам тупроқ каби камтар, хокисор бўлади. Даромади қанча ошса-да, эл дастурхонини обод қилиш, халқ фаровонлигига ҳисса қўшиш мақсадида интилаверади. Суҳбат орасида ўзи бир нечта давлатда бўлгани, саёҳатларга чиқаётгани, фарзандлари нуфузли олий таълим муассасаларида ўқиётганини айтганида ҳам хаёлида мақтаниш бўлмайди. Аммо ҳосилдорлиги бу йил каррасига ошгани, ишларни замонавий техникалар бажараётгани, иш жараёнида илғор технологияларни қўллаётгани ҳақида оғзини тўлдириб гапиради. Қилаётган ишидан фахрланади.
Турсунпўлат РАЖАБОВ,
Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Сафаробод боғи” фермер хўжалиги раҳбари, “Жасорат” медали соҳиби:
— Бу йил ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам зўр бўлди — 470 гектардан ортиқ майдондан 600 тонна ғалла, 2000 тоннадан зиёд пахта ҳосили олдик. 30 тоннадан ошиқ гўшт маҳсулоти, 2,5 тоннадан кўпроқ асал, 100 тоннага яқин узум, анорни бозорга чиқардик.
Олдинлари меҳнатни қилаверардик, даромадни олишга келганда сарсон бўлардик. Сентябрда пахта топширсак, келгуси йили августгача пулини ололмасдик. Шунинг учун 2017 йилгача бизга пахтанинг нави ҳам, ҳажми ҳам аҳамиятли бўлмаган, режани бажарсак бўлди, деганмиз. Ҳозир даромад ўзимизники бўлгани учун ҳосилдорликни муттасил ошириб боришга интиляпмиз. Энг яхши навларни етиштириб, илғор технологияларни қўллаяпмиз. Мўл ҳосил олиш учун замонавий техникалар керак. Ер яхши текисланмаса, ўз вақтида шудгорланмаса, ҳосил чўғи юқори бўлмайди. Бу ҳам даромадга бориб тақалади. Олдинлари манаман деган бой фермер ҳам бирор замонавий техникани базўр сотиб оларди.
Йигирма йилдан буён фермерлик билан шуғулланаман. Ишни 10 гектар ерга ғалла экишдан бошлаб, кейинги йили 3 гектарга пахта экканмиз. Ўшанда ердан бошқа нарсамиз бўлмаган. Бу ер ҳам Қизилтепа марказидан 70 километр узоқда жойлашгани боис, одам бориши қийин, тупроқнинг ҳосилдорлиги ҳам жуда паст эди. 2017 йилгача битта техника олган бўлсам, ўшанинг ҳам пулини тўлашга қийналиб, қайтиб техника олмайман, деганман.
Фермер хўжалигимиз фаолиятининг янги даври 2017 йилдан кейин бошланди. Айни шу вақтдан замонавий кластер тизими жорий этилиши туфайли ҳолат тубдан ўзгарди: фермерларнинг елкасига шамол тегди, косаси оқарди. Мен буни доим миннатдорлик билан тилга оламан. Мана шу кластер тизими сабаб даромадимизга ўзимиз эгалик қила бошладик, янги техникалар сотиб олишга имконият ва шароитлар яратилди. Лизингга техника берилди. Унинг устига имтиёзлар, субсидиялар ҳам қўшилди. Ҳозир ҳар йили даромадимиздан 4-5 та техника сотиб оламиз. Биргина ўзимнинг фермер хўжалигимда замонавий техникалар сони 50 тага етган.
Ўтган йили АҚШдан сўнгги русумдаги пахта териш машинасини олиб келдик. Ишонсангиз, биринчи йили суткасига 50 тоннагача пахта тердик. Бу йил ерни ҳайдаш ҳам, текислаш ҳам, пахтани етиштиргандан кейин ҳосилни териш ҳам муаммо бўлмади. Ҳаммасини бажарадиган техникаларимиз бор. Бир мен эмас, ҳозир ҳамма фермер шундай имкониятга эга. Бу йил рекордимизни янгиладик — замонавий терим машинасида бир суткада 75 тоннагача пахта тердик. Тасаввур қилинг, битта фермер бир суткада шунча пахта теряпти. Ҳудудимизда нечта фермер бўлса, ҳаммаси шундай натижага эришди. Олдинлари бутун ҳудуддаги фермерлар бирлашиб ҳам суткалик теримни 75 тоннага чиқара олмаган.
Касбим механизаторлик бўлгани учун доим айтаман: оддий механизатор фермер бўлиб, бир ўзи шунча ишни уддалай олмасди. Буларнинг ҳаммаси соҳа вакилларига яратиб берилаётган имконият ва шароитлар, 2017 йилдан кейин бошланган катта ислоҳотлар самараси. Шунча техникага эга бўлишимиз олдин хаёлимга ҳам келмаган. 2025 йилда 400 гектар янги ер ўзлаштирдик. Бу қанчалик катта ҳаракат эканини соҳа вакиллари яхши билади. 2010-йиллари фермер янги ерни ўзлаштириш у ёқда турсин, ўзининг ерини эплолмасди. Ҳозир қаранг: янги ерларни ўзлаштиряпмиз. Шунинг ўзиёқ ислоҳотлар самарасини яққол кўрсатиб беради. Баъзан 500 ёлланма ишчи ишлатиб, ҳақини кунма-кун тўладик. Бу ҳам имкониятларимиз салмоғини кўрсатадими? Отам ҳар доим дуо қилганида: “Бу имкониятларнинг қадрига етинглар, ўғлим. Бугунгидек шароит бўлмаганида, сизлар ҳам биздек қийинчиликда яшаган бўлардинглар”, дейди.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Президентимиз фармонига биноан “Жасорат” медали билан тақдирланганимни эшитиб, қанчалик тўлқинланганимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Барча маҳалладошларим хонадонимизга келиб, ҳавас билан табриклади. Ота-онам қийинчилик кўргани, оиламиз бир пайтлар қандай кунларни бошдан ўтказганини бутун маҳалла-кўй яхши билади. Шулар ҳақида ўйладиму, бугун янги Ўзбекистонда илғор фермер бўлиб, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшаётганимдан фахрландим. Мукофот барча маҳалладошларимнинг кайфиятига кўтаринкилик бағишлади. “Бугун меҳнат қилган одам кам бўлмаяпти. Буни сизнинг мисолингизда ҳам кўряпмиз”, дейишди.
Айниқса, “Жасорат” медалини кўксимга давлатимиз раҳбарининг ўзи таққани ҳаётимдаги унутилмас воқеа бўлди. Мукофотни қабул қилиб олаётганимда, “Турсунпўлат, биламан, сен қаттиқ ишлайсан. Бундан ҳам қаттиқ ишлаб, насиб бўлса, янги марраларга етавергин. Мен сенга шундай медаль, орденларни беравераман”, деганидаги ҳаяжоним ва таассуротларимни тасвирлаб беролмайман. Ахир давлат раҳбари билан кўришиб, шундай илиқ гапларни эшитиш ҳар кимга ҳам насиб қилмайди-да!
Оддий фермерман. Доим ҳалол меҳнат қилишга интиламан. Қизилтепа тумани азалдан чўл ҳудуд бўлган. Ана шу жойлар энди чўл бўлмасин, боғу бўстонга айлансин деган мақсадда Сурхондарёдан 10 мингта арча кўчати олиб келиб ўтқаздик. Пахта ва ғалла ҳосилдорлигини бир неча баробар оширдик. Тумандаги 5 километр ариқни бетонлаштириб, сув йўқотишларнинг олди олинди. Бундай хайрли ишларни янада куч-ғайрат билан давом эттирамиз. “Жасорат” медали мени янги-янги мақсадларга ундовчи улкан ишонч белгисидир.
Пиллачиликда иккинчи мавсум ҳам йўлга қўйилди
Пиллачилик қишлоқ хўжалигининг гўёки сезилмас, аммо муҳим тармоқларидан. Бу Ўзбекистон тўқимачилик саноати учун энг зарур хомашё вазифасини ўтайди. Қолаверса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Азалдан момоларимиз пилла қурти боқиб, хонадон даромадига ҳисса қўшган.
Наманганлик Манзура Раҳимова 30 йилдан бери пиллачилик билан шуғулланади. Авваллари пилла боқувчи сифатида оила аъзоларига кўмаклашган бўлса, кейинчалик шу йўналишни маҳкам тутиб, бошқаларни иш билан таъминлай бошлади. Жорий йилги пилла етиштириш мавсумида у яшаётган Норин туманида 4000 дан ортиқ ишсиз шу йўналишга жалб қилиниб, бандлиги таъминланди.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан тақдирланганлар орасида Манзура Раҳимованинг ҳам номи бор.
Манзура РАҲИМОВА,
Наманган вилояти Норин туманидаги “Норин агропилла” масъулияти чекланган жамияти раҳбари,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби:
— Тўғриси, бу мукофот мен учун кутилмаган эътироф бўлди. Туманимиз ҳокими бу ҳақида эълон қилиб, табриклаганида, биринчи бўлиб дадажонимни эсладим. У бизни ҳамиша ҳалол меҳнат қилишга, тўғрисўз бўлишга ўргатди. “Бировнинг дилини оғритма, тўғри бўл: ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди”, деган насиҳатни кўп айтарди. Биз ана шу ўгитларга амал қилиб яшаяпмиз. Дадам ҳаёт бўлганида, мен билан фахрланган бўларди.
Кўксимга тақилган орден билан, биринчи навбатда, тўғри 75 ёшли онажонимнинг олдига бордим. Мени ўқитиб, тарбиялагани учун раҳмат айтиб, кейин уйимга кетдим. Бу жараёнлардаги ҳаяжоним, таассуротимни ифодалаб беролмасам керак.
Болаликдан ипак қурти боқиб катта бўлганмиз. Машаққати оғир иш эди. Қуртларга озуқа учун тут барги келтириб, солиб чиққунча кун кеч бўларди. Чунки барг қидириб узоқларга боришга тўғри келарди. Ҳозир тутзорлар яқин жойда, озуқа топиш ҳам муаммо эмас. Пилла етиштириш замонавийлашиб боряпти. Ипак қуртини плёнка остида боқяпмиз. Бу озуқа сарфини анча тежайди.
Пилла парваришидан кўриладиган моддий манфаатдорлик ҳам ошган. Авваллари пиллакорлар озгина ўтин ёки ғалла учун пилла боққан. Ҳозир топширилган ҳар бир килограмм учун тарози устида хизмат ҳақи берилади. Қолаверса, бир ой ипак қурти боққанлик учун бир йиллик меҳнат стажи ёзилади. Топадиган маблағимиз даромад солиқларидан ҳам озод қилинган. Аввал бундай шароит йўқ эди.
Корхонамиз хонадонлар билан ҳамкорликда ишлайди. Талабгорларга ипак қурти ва озуқаси етказиб берилади. Туманимизнинг ўзида юқори навли тут кўчатларини етиштирамиз. Хонадонлар бир ой давомида пилла етиштириб, ҳосилни бизга топширади-да, пулини олади. Мазкур иш уйда ўтирадиган хотин-қизлар учун жуда қулай. Ҳозир мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги илм-фан ва замонавий технологиялар асосида ривожланиб бораётир. Бу ҳосилдорлик ва даромад ортишига хизмат қиляпти. Аввалгидек маҳсулотлар бир эмас, бир неча мавсумда етиштириляпти. Ушбу тажриба охирги икки йилда пиллачилик йўналишига ҳам кириб келди. Одатда, пилла қурти апрель-май ойларида боқилади. Аммо ҳозир иккинчи мавсум ҳам йўлга қўйилган. У август-сентябрь ойларига тўғри келади.
Ҳосилдорлик ҳам анча юқори. Бир қутидан ўртача 60-65 килограмм ипак олиняпти. Бундай кўрсаткични 70-75 килограммга етказадиган илғор пиллакорларимиз ҳам бор.
* * *
2025 йил мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва соҳада меҳнат қилаётган агротадбиркорлар учун анча сермаҳсул ва баракали бўлди. Келгуси йил учун белгиланган вазифалар, кўзланган мақсадлар бисёр. Давлатимиз раҳбари байрам табригида уларга алоҳида тўхталди. Меҳнаткаш, танти, фидойи миришкорларимиз эса уларни бажариш режасини ҳозирдан бошлаяпти.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири