Мазкур келишувга кўра, компания Улуғнор туманида фойдаланишдан чиққан ва айни пайтда экин экилмаётган 3000 гектар майдонда интенсив усулда помидор етиштиришни йўлга қўяди.

Лойиҳа доирасида ҳар гектардан 150 тоннагача ҳосил олиш режалаштирилган. Бу кўрсаткич маҳаллий навлар ҳосилдорлигига нисбатан қарийб уч баравар юқори экани таъкидланмоқда. Етиштирилган маҳсулотни чуқур қайта ишлаш орқали йиллик 60 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт қилиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Улуғнор туманида 100 миллион АҚШ доллари инвестиция асосида замонавий помидорни қайта ишлаш корхонаси ташкил этиш режалаштирилмоқда. Корхонада кетчуп, помидор кукуни ва шарбат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқариш жараёнида 100 фоиз яшил энергиядан фойдаланиш назарда тутилган.

Бундан ташқариАндижон қишлоқ хўжалиги институти билан ҳамкорликни кенгайтириш, Хитой, Европа ва АҚШдан мутахассис ҳамда профессор-олимларни жалб қилиш орқали помидорнинг янги навларини яратиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва дуал таълим тизимини жорий этиш бўйича ҳам келишувларга эришилди.