«Навбатдаги» дейишимиз боиси, туман шифохонасида биринчи марта буйрак кўчириб ўтказилаётгани йўқ. Шифохонада ушбу амалиётни қўллаш бошлангандан буён ўтган бир йилга яқин давр мобайнида ўнлаб бемор соғайиб кетди.
Ўтган йилдан буён гемодиализ муолажаларини олиб келаётган бемор Зоҳид Қаршиевга акаси Комил Қаршиев ўзининг бир буйрагини берди. Ҳозир беморнинг ҳам, донорнинг ҳам аҳволи яхши, шифокорлар назорати остида саломатлиги тикланмоқда.
— Ҳаётимни сақлаб қолган ва бу муҳим операцияни муваффақиятли ўтказган шифокорларга раҳмат айтаман, — дейди Зоҳид Қаршиев. — Яратганга шукр, ҳозир ўзимни яхши ҳис қиляпман. Бундай мураккаб жарроҳлик амалиёти нархи қимматлиги, асосан, хорижда қилиниши ҳақида эшитиб, тўғриси, ҳаётдан умидимни узган эдим. Қарангки, ҳаммаси мен учун бепул амалга оширилди. Янги умид ва ишонч пайдо бўлди. Насиб қилса, соғайиб, ўз меҳнатим билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаман.
Буйрак кўчириб ўтказиш бугунги тиббиётда катта янгилик эмас. Бироқ яқин йилларгача юртимизда бу касалликни даволаш амалда иложсиз бўлиб, имконияти борлар хорижга бориб, катта пул эвазига даволаниб келарди. Бу амалиёт республикамизда ҳам йўлга қўйилиши соғлиқни сақлаш тизимидаги инқилобий ўзгариш бўлди, дейиш мумкин. 2017 йилда Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида биринчи марта буйрак кўчириб ўтказилгандан буён бу муассасадан мингдан зиёд бемор дардига шифо топиб чиқди.
Ҳозирги пайтда мазкур марказ мутахассислари томонидан бу турдаги операциялар нафақат вилоят марказлари, балки олис туманларда ҳам маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Бугун Жиззах вилояти аҳлига хизмат қилаётган жами 228 та соғлиқни сақлаш муассасаси, жумладан, 16 та вилоят шифохонаси ва тиббиёт маркази, 3 диспансер, 13 та туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаси, 35 оилавий, 13 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 76 та шифокорлик ҳамда 72 та маҳалла тиббиёт пунктининг барчаси кейинги беш-олти йилда замонавий бинолар, энг сўнгги русумдаги асбоб-анжомлар билан таъминланди.
Хусусан, бу даврда кардиология ва эндокринология каби иккита марказнинг янги бинолари қурилди ҳамда энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, тиббиёт илмининг сўнгги ютуқлари асосида даволаш ишлари йўлга қўйилди. Натижада кардиология марказида уч йил давомида юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ 5 мингдан ортиқ мураккаб юқори технологияли жарроҳлик амалиёти бажарилди. Ҳозир 12 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоятдаги барча филиалларида юқори технологияли тиббий муолажалар амалга оширилмоқда.
— Бугунги кунда вилоятда 50 ёшдан катта аҳолининг 25-30 фоизи юрак ишемик касаллиги билан диспансер назоратида туради, — дейди марказнинг ангиография бўлими бошлиғи Шаҳзод Асқаров. — Шуниси аҳамиятлики, аҳолининг жуда кўп қисми марказга юрак ишемик касаллиги сабабли биринчи ёрдам олиш мақсадида мурожаат қилади. 2023 йил бўйича юрак хуружи билан тушган 116 беморнинг 37 нафарида эрта диагностика қилинмагани сабабли миокард инфаркти ташхиси қўйилган. Янги келтирилган ангиография аппарати минглаб беморларнинг нафақат соғлиғини тиклашга, балки ҳаётини сақлаб қолишга ҳам имкон беради. Мазкур бўлим фаолият кўрсатиши натижасида бир йилда 100 дан ортиқ миокард инфаркти ўз вақтида даволанди ва 300 дан зиёд инфарктнинг олди олинди.
Тизимдаги ислоҳотларда қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Кейинги беш-олти йил ичида барча туманлар марказий шифохоналари давлат дастурлари асосида ё қайта қурилди, ё тўлиқ таъмирланди.
Малакали ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш борасида илғор чет эл клиникалари даволаш усуллари, юқори технологик операцияларини вилоятда амалиётга татбиқ этиш мақсадида Германия, Россия, Туркия, Ҳиндистон билан 11 та меморандум имзоланган. Натижада 52 мутахассис чет элдаги клиникалар ва марказларда малака ошириб қайтди. Бугунги кунда тизимдаги мавжуд ихтисослаштирилган марказларда 12 та соҳа бўйича махсус қайта тайёргарликдан ўтиб келган мутахассислар ишлаяпти.
— Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармонида халқимиз саломатлигини сақлашда олдимизга янги вазифалар қўйилди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Махмарасул Умаров. —
Энг асосий вазифа эса соғлом турмуш тарзи тарғиботи, касалликлар профилактикаси, яъни касални даволашдан кўра, унинг олдини олишга эътибор қаратиш ҳисобланади.
Касалликнинг олдини олиш илгаридан тиббиётнинг муҳим соҳаси бўлиб келган бўлса-да, асосий ресурс ва куч даволаш ишларига сарфланган. Мамлакатимизда профилактикага, касалликка эмас, уни келтириб чиқарадиган омилларга қарши курашиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши йил дастурида ҳам ўз аксини топиши жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган ишдир.
Зеро, аҳолининг муайян қисмидаги кам ҳаракатланиш, пала-партиш овқатланиш, семириш натижасида турли касалликларга чалиниш кўпайиб бораётир. Касални даволашдан кўра, унинг олдини олиш муҳимлиги ҳақидаги оддий ҳаётий қоидага кўпчилик риоя қилмаслиги ташвишланарли.
Ўтган йили вилоят аҳолиси тиббий хатловдан ўтказилганида уларнинг 40 фоиздан зиёди жисмоний фаол эмаслиги ва 30 фоиздан кўпи тўғри овқатланмаслиги аниқланди. Мана шулар оқибатида аҳолида ортиқча вазн, қон босими, юқумли бўлмаган касалликлар кўп учрамоқда.
Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги ишлар кўзланган асосий мақсадга — бу хизматдан одамларни рози қилишга олиб келмоқда.
Фарҳод НЕЪМАТОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири