Бу роль Умид Иргашевнинг ижодий қирраларини очиб берган. Фарзандининг операцияси учун йиғилган маблағни, ўзининг соддалиги туфайли шантажчилар қўлига топшириб қўйган отанинг изтироблари, дарди, кечинмаларини актёр томошабинларга етказиб бера олган. Бу ҳолатни кўрган томошабинлар дастлаб Умиднинг ишидан жаҳллари чиқса-да, кейин унинг аҳволидан таъсирланиб ачинадилар ва унга ҳамдард бўладилар. Бу фильмдаги съёмка жараёнлари Умид Иргашев учун осон кечмаган. Чунки, фильм қорли совуқ кунларда суратга олинган, ҳамда жамоа бир неча соатлаб совуқ ҳавода ишлашига тўғри келган. Роли табиий чиқиши учун актёр бир неча соатлаб ёғаётган совуқ қорда туришига ҳам тўғри келган.

Шундан сўнг, Умид Иргашев продюсернинг “Кўз ёшим” фильмида кичик бўлса ҳам, таъсирли ролни ижро қилган. Ўз севгисини унутолмаган йигит, ундан йиллар ўтиб, ажрашса, унга уйланмоқчилигини билдиради. Аммо, қиз бунга кўнмайди. Роль кичик бўлса, ҳам ёдда қоларлидир. Фильм йилнинг “Энг яхши фильми” деб, эътироф этилган.

Умид Иргашевнинг продюсер Руслан Мирзаев билан навбатдаги ижодий ҳамкорлиги давом этиб, 2017 йил “Севади, севмайди” фильмида бош ролни ижро қилган. Сценарий муаллифлари Саида Вахобова, Феруза Фаттохова ва режиссёр Озод Шамснинг навбатдаги ижодий маҳсули бўлган бу фильмда, Умид Иргашев ўз севгиси учун кураша олган мард йигит образини талқин этган. Биринчидан кўчада тунда тасодифан оғир аҳволга тушиб қолган инсонни кўрган ҳамма йўловчи ҳам унга ёрдам кўрсатиб, ўз уйига олиб келавермайди. Қолаверса, ҳеч бир йигит етим ва ҳеч кими йўқ қизга кўнгил бермайди. Умид Иргашев ижросидаги қаҳрамон эса, раҳмдил ва олийжаноб бўлгани учун ҳам, ўша қизга ёрдам кўрсатади. Кейин эса, севиб қолгач, барча қаршиликларни енгиб унга уйланади. Қаҳрамоннинг ҳолати, кечинмалари, қатъиятини актёр томошабинларга табиий равишда етказиб бера олган. Бу фильм ҳам, йилнинг энг кассабоп фильмларидан бири бўлган.

2019 йилда эса, Умид Иргашев продюсер Руслан Мирзаевнинг “Истанбуллик миллиардер” фильмида бош қаҳрамонлардан бири ролида намоён бўлди. Бунда ҳам Умид Иргашевнинг роли ўз муҳаббати учун Истанбулгача борган, қизнинг отаси қаршилигини енгиб, ўз севгисига эриша олган йигит образидир.

Умид Иргашев продюсер Руслан Мирзаев билан ижодий ҳамкорликни давом эттириб, 2020 йилда унинг турк киноижодкорлари билан ҳамкорликдаги “Юраклар жанги”, 2021 йилда эса, “Ишқ ўйинлари” сериалларида бош қаҳрамон сифатида суратга тушди. Сценарий муаллифлари Саида Вахобова ва Феруза Фаттохова, режиссёр Озод Шамснинг ижодий маҳсули бўлган бу сериаллардаги бош роллари Умид Иргашевга актёр сифатида катта машҳурлик олиб келди!

Айниқса, “Юраклар жанги” сериалидаги икки ўт орасида қолган Шохрух образи, Умид Иргашевнинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланди. Ўзидан ёши катта аёлни севиб қолган, аммо ҳалол ва иймонли йигит бўлгани учун ножўя қадам босишни истамай, унга яширинча никоҳ билан уйланган Шохрух, қарама-қаршиликлар гирдобида қолади. Чунки, онаси уни ёш қизга уйлантирмоқчи эди. Шохрух эса, ўзидан ёши катта Санамга яширинча уйланган ва бу ҳақида онасига айтишга ҳали улгурмаган, мавриди келса, амаллаб тушунтираман, деб турган эди. Аммо, вазиятни қаранг-ки, онаси уни уйлантирмоқчи бўлган қиз, айнан Санамнинг қизи бўлиб чиқиши, Шохрухнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Табиийки, Шохрух Санамнинг қизига уйланмайди. Қизининг тўйи бузилганига чидолмаган Санам эса, жаҳл устида Шохрухни пичоқлаб қўяди, сўнг ўзини қонун қўлига топширади. Шохрух шунда ҳам, уни кечириб, қамоқдан чиқишига ёрдам қилади. Аммо, вақт ўтиб, Санамнинг ўзидан фарзанд кўрганини билгач, унга бўлган туйғулар кўнглида ҳали ўлмаганлигини ҳис қилиб, яна уни муҳаббатини қозонишга уринади. Лекин, бу вақтда Шохрух бошқа бир қизга уйланган, ҳамда Санам билан муносабатига яна ҳамма қарши эди... Бош қаҳрамон Шохрухнинг изтироблри, кечинмалари Умид Иргашев талқинида жуда ишонарли чиққан. “Юраклар жанги” сериали катта шов-шувларга сабаб бўлган.

Умид Иргашев ўзи ҳаётда кино ва сериалларда ижро қилган ролларидан бутунлай фарқ қилади. Улардан ҳеч бирига ўхшашни истамайди. Фақатгина “Юраклар жанги” сериалидаги қаҳрамоннинг сабри ҳамда, ҳар қандай вазиятда ўзини тутиб тура олиши унга яқин, ҳамда ўзини “Ишқ ўйинлари” фильмидаги қаҳрамонига характер тарафлама бирозгина яқинроқ, деб ҳисоблайди. Ўз қаҳрамонларидан фарқли равишда, ўз оилавий ҳаётида жуда ҳам бахтли инсон ва ота-онасига меҳрибон фарзанд. У ҳаётда қатъиятли инсон бўлиб, ҳар қандай муаммони кетма-кет ҳал қилади ва узоқ ўйланиб юрмайди. Ҳозирда ижоддан ташқари, ўз тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда, ўзи асос солган Feed UP брендини хорижга олиб чиқиш учун изланмоқда.