Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ўқитиш самарадорлигини ошириш ҳамда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, кадрлар тайёрлаш сифатини жаҳон стандартлари даражасига кўтаришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу мақсадларга эришиш, ўз навбатида, жаҳоннинг таълим сифати бўйича илғор давлатлари билан ўзаро тажриба алмашувини йўлга қўйиш, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш каби дастлабки саъй-ҳаракатларни талаб қилади.
Халқаро ўқитиш тизимига интеграцияни жадаллаштиришда юртимиз олий ўқув юртлари дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўяётганини таъкидлаш жоиз. Жумладан, АҚШ университетлари билан ўзаро интеграциялашувга доир муносабатлар изчил тус олмоқда. Илмий ҳамкорликни чуқурлаштириш, профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар ва талабаларнинг халқаро грантлардаги иштирокини таъминлаш каби қатор масалалар юзасидан учрашувлар ташкил этилмоқда.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчиларидан иборат гуруҳнинг АҚШ университетлари фаолияти билан яқиндан танишуви самарали ўтди. Сафар давомида Миссури университетининг тадбиркорлик субъектлари билан инновацион корпоратив ҳамкорлиги, стартап лойиҳалар реализацияси, битирувчи талабалар ва докторантлар томонидан ташкил қилинадиган кичик тадбиркорлик фаолиятига оид тажрибалар ҳақида маълумотга эга бўлдик.
Миссури университети билан имзоланган меморандум асосида профессор-ўқитувчилар, талаба лар алмашинуви, илмий коллаборация соҳасида ҳамда илмий инновацион, академик фаолиятнинг самарали жиҳатлари бўйича узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди. Мазкур университет Миссури штатидаги иккита энг йирик олий таълим муассасасидан бири бўлиб, унда 26 минг талаба ўқийди.
Чет элдан келиб таълим олаётган йигит-қизлар сони қарийб 1,5 минг нафар. Улар асосан, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Шарқий Европа мамлакатлари ва Жанубий Америка давлатларидан келган. Олий таълим муассасасида хорижлик талабаларни кенг жалб қилишда ҳудудий диверсификация сиёсатини юритиш истиқболли бўлиб, хусусан, ҳозирги пайтда Миссури университетида ўзбекистонлик икки талаба бакалавр босқичида таҳсил олмоқда. Шунингдек, FEP халқаро гранти асосида яна икки ҳамюртимиз — илмий ходим фаолият кўрсатаётгани маълум бўлди. Иккаласи ҳам Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг собиқ битирувчилари.
Мулоқотларда бундан кейин ҳам бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларида талабалар алмашинувини кенгайтиришга оид масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, халқаро қўшма таълим дастурларини ташкил қилиш, бакалавр 2+2, магистратура 1+1, мақсадли докторантура 2+1 форматларида алмашув дастурларини ишлаб чиқишдаги имкониятлар атрофлича ўрганилди. Ҳар икки университетда таълим, илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил қилишнинг умумметодологик ва фарқли жиҳатлари, ўхшашлик ва уйғунлаштириш имкониятлари, инновациялар трансферига оид механизмлар борасида фикр алмашилди.
Мезбонлар истиқболда университетнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда Марказий Осиё мамлакатлари устувор аҳамият касб этиши, бу жараёнда, айниқса, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар АҚШ университетлари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинаётганига алоҳида тўхталиб ўтди. Ўзбекистонда кейинги йилларда таълим тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги таълим жараёнини модернизациялашдаги халқаро стандарт ва тажрибаларни кенг жорий этиш билан боғлиқ янгиланишлар икки олий таълим муассасаси ўртасидаги истиқболли ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаши таъкидланди.
Сафар давомида Миссури университети академик фаолияти, хусусан, бизнес мактаблари, йўналишлари, илмий ва академик салоҳияти бизни қизиқтирди. Маълум қилинишича, университетда турли йўналишлар бўйича 7 та коллеж мавжуд бўлиб, уларнинг энг йириги бизнес коллежи. Қарийб 4,5 минг йигит-қиз ўқийдиган тиббиёт коллежи иккинчи ўринда туради. Уларнинг таълим тизими тўлиқ кредит-модулга асосланган. Хорижлик талабаларга бир семестр учун шартнома суммаси 8 минг АҚШ доллари. Маҳаллий талабалар шунинг ярмини тўлаб ўқиши мумкин.
Биз ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда талабалар алмашинуви дастури бўйича чегирмалар бериш мақсадга мувофиқлигини айтдик. Миссури университети маъмурияти ушбу таклифни маъқуллади ва ўзаро келишувга асосан, қарор қабул қилишга келишилди. Профессор-ўқитувчилар учун дарс юкламалари тақсимоти, умумий юкламалар, аудитория ва аудиториядан ташқари ўқув соатлари, асосий штатда ишловчилар фаолиятига академик ҳамда илмий талаблар, KPI тизими тўғрисида фикр алмашдик.
Стартап лойиҳаларни, давлат-хусусий шериклик форматларида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш, университетда эндоумент фондлар фаолия ти бўйича илғор тажрибалар ўртоқлашилди. Университетнинг ўтган йилдаги илмий салоҳияти 77 фоизни ташкил қилган. Докторантура таълим босқичидаги диссертация тадқиқотлари ташкил қилиш ва AACSB миллий аккредитация тизими фаолиятига оид ўрганишлар олиб борилди.
Миссури университети иқтисодиёт департаменти фаолияти билан танишиш ва ҳамкорлик имкониятлари муҳокамасида унда олиб борилаётган тадқиқотлар билан яқиндан танишдик. Департаментда 9 профессор фаолият юритяпти. Асосий йўналиш сифатида хулқ-атвор иқтисодиёти, экспериментал иқтисодиёт бўйича фундаментал тадқиқотлар ўтказилмоқда. Мулоқот якунида Миссури университети иқтисодиёт департаменти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети кафедралари ўртасидаги қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Университет иқтисодиёт департаментида олий таълим муассасамиз профессор-ўқитувчилари учун хулқ-атвор иқтисодиёти, экспериментал иқтисодиёт, амалий эконометрика, маълумотлар таҳлили фанларидан қисқа муддатли факультатив курслар ташкил қилиш масаласи кўрилди. Иқтисодиёт департаменти профессор-ўқитувчиларини онлайн ва офлайн режимда муассасамизда амалий эконометрика, маълумотлар таҳлили фанларини ўқитишга жалб қилиш каби истиқболли мавзулар кўтарилди.
Ўрганилган тажриба шундан иборат бўлдики, бакалавриат ва магистратура таълим босқичлари ўқув режасидаги мутахассислик фанлари ўта ҳаракатчан (мобиль) бўлиб, ушбу фанлар амалиётнинг реал талаблари асосида доимий янгилаб борилади. Профессор-ўқитувчиларнинг доим ий янгилаб бориладиган ушбу фанлар бўйича назарий билим ва кўникмаларини амалий тажрибалар орқали муст аҳкамлаш мақсадида улар учун тадбиркорлик субъектлари билан доимий мулоқотда махсус кўприк вазифасини бажарувчи E-Factory маркази фаолият кўрсатади.
Миссури университети “Университет 3.0” моделига асосланган кучли тизимли таълим кластери форматида ривожланмоқда. Жумладан, таълим жараёнини такомиллаштириш, илмий инновац ион фаолиятга йўналтирилган таълим жараёни туфайли нафақат профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар, балки талабаларнинг креатив илмий инновацион ғояларига асосланган янги бизнес ёки стартап лойиҳаларни реализация қилиш бўйича катта тажрибага эгалигига гувоҳ бўлдик. Ушбу ғоя ва инновациялар трансфери тизимида махсус E-Factory марказининг аҳамияти юқори бўлмоқда.
Биз учун Е-Factory жойлашган кампусга саёҳат ташкил қилинди. У ерда реал амалий муаммолар банкини шакллантириш учун келган тадбиркорлик субъектлари ходимлари билан мулоқотда бўлдик. Миссури университети бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун фанларни шакллантиришда бизнесдаги реал муаммо ёки эҳтиёжларни инобатга олиш ва ўқув курсларини танлаш механизми хусусида маълумот берилди.
Мазкур марказ фаолиятининг яна бир қизиқарли жиҳати шуки, университет битирувчиларининг янги стартап лойиҳалари асосида мустақил бизнесни ташкил қилиш учун махсус молиялаштириш амалиёти мавжуд. Бунда университет янги ғояларни тижорийлаштириш билангина эмас, балки янги бизнес тузилмаларни яратиш орқали ғояларни реализация қилиш амалиёти билан ҳам шуғулланмоқда. АҚШ университетлари бошланғич, ўрта ва ўрта махсус, ҳатто мактабгача таълим муассасалари билан узвий ҳамкорликда ишлайди.
Ушбу ҳамкорлик таълим тизимининг ҳар бир босқичида ўқувчи-талабаларнинг билим ва кўникмасини шакллантиришга йўналтирилган таълим жараёнини тизимли дастурларга асосан ташкил қилишга таянади. Учрашувда университетлар дастлабки ҳамкорлик алоқаларини ташкил этиш йўналишлари келишилди. Жумладан, ҳар иккала университет ўртасида академик ва илмий инновацион фаолиятга доир алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувлар муҳокама қилинди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети тўғрисидаги умумий маълумотлар, унинг истиқболли стратегик режаси, анъаналари, илмий инновацион ва академик салоҳияти тўғрисида маълумот бериб ўтилди. 90 йиллик юбилейига оид қисқа муддатли видеолавҳалар кўрсатилди. Дастлабки натижа сифатида университет профессори Ҳайнес Миллернинг Ўзбекистонга келиши ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетида машғулотлар ўтказишига келишиб олинди.
Бу машғулотлар, асосан, математик статистика, илмий-тадқиқот методологияси каби фанлар бўйича ташкил этилишига келишилди. Бундай икки томонлама ишончли ҳамкорлик янги Ўзбекистон иқтисодиёти тараққиётида инсон ресурслари бойиши ва интеллектуал кадрлар етиштириб беришга хизмат қилади.