Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ янги тартибларни белгилади.

Ҳукуматнинг шу йил 9 октябрь кунги қарори билан Дин ишлари бўйича қўмита лицензиясининг бир қатор талаб ва шартлари эълон қилинди.

Жумладан, Умра тадбирларини ташкил этувчилар 1 миллион доллар маблағни “Зиёрат жамғармаси”га захира қилиб қўйишлари шарт.

Қарорда, шунингдек:

  • зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;
  • турфирма штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот;
  • вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик; ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик каби талаблар ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, янги ҳужжатда:

  • Умра хизматлари Саудия Арабистони подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ва улар кўрсатадиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш;
  • зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, хусусан ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш;
  • халқаро йўналишда 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга, бу даврда йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпания билан ҳамкорлик қилиш;
  • зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш; Умра хизматини 3-давлатлар орқали кўрсатмаслик сингари яна бир қатор шартлар ҳам назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, эски лицензиялар билан Умра зиёратларини ташкил этиш 2024 йил октябргача белгиланганди.