Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги маълумотига кўра,
- 2026 йил 19 март — Ҳаж мавсуми олдидан Умра визасини расмийлаштириш учун сўнгги кун,
- 2 апрель — Умра ниятида мамлакатга киришнинг якуний санаси,
- 18 апрель эса Саудия Арабистонидан чиқиб кетиш учун белгиланган охирги кун ҳисобланади.
Ҳар йили Ҳаж олдидан Умранинг вақтинча тўхтатилиши ташкилий ва хавфсизлик нуқтаи назаридан зарур чора сифатида изоҳланади. Чунки Ҳаж даврида икки миллиондан ортиқ зиёратчи келиши кутилмоқда ва барча хизматлар — хавфсизлик, тиббий ёрдам, жойлаштириш ва транспорт тизими — айнан Ҳаж иштирокчилари учун сафарбар этилади. Бир вақтнинг ўзида Умра ва Ҳаж зиёратчилари кўп миқдорда жамланиши катта тирбандлик ва хавф-хатарларга олиб келиши мумкин.
Умра визалари тўхтатилганидан сўнг янги визалар берилмайди, белгиланган муддатдан кейин амал қилаётган визалар Умра адо этиш ҳуқуқини бермайди. Шунингдек, туристик, ишчи ёки оилавий визаларга эга шахслар ҳам Ҳаж мавсумида Умра амалларини бажара олмайди. Ҳарам ҳудудига фақат Ҳаж зиёратчилари киритилади ва назорат барча кириш нуқталарида қатъий тарзда амалга оширилади.
Расмийлар 2026 йил Ҳажидан олдин Умра адо этишни режалаштираётган зиёратчиларга сафарни камида 7–10 кун олдин якунлаш, визалар ва жойлаштириш масалаларини барвақт ҳал қилиш ҳамда фақат расмий ахборот манбаларига таянишни тавсия этмоқда.
Қайд этилишича, мазкур чора-тадбирлар муқаддас масканларда Ҳаж мавсумини хавфсиз, тартибли ва муносиб даражада ўтказишга қаратилган.