Юк машинасида олиб келинган пештахта ҳамда боғлам-боғлам китобларни тушириш ва чиройли қилиб кўргазмага тайёрлашга кўмаклашдим.
Ўшанда саккизинчи ёки тўққизинчи синфда ўқирдик. Бадиий адабиёт, ижодга қизиқишим шаклланиб бораётган, бош кўтармай китоб мутолаа қиладиган пайтларим эди. Асосан ҳикоя, қисса, романларни кўпроқ ўқирдим. Қарасам, китоблар орасида менга таниш номдагилари анча-мунча, ўқиб улгурмаганларим ундан-да кўп эди. Китобга бефарқ эмаслигимни кўриб, сотувчи аёл ёнимга келди.
– Пулинг етса, сенга битта китоб бераман. Бундан ўзи бир дона олиб келганмиз, – деди у қутилар ичидан тўқ яшил муқовали қалин китобни олиб. – Харидори кўп. 2,5 сўм эвазига у сеники бўлиши мумкин. Оласанми?
Ёнимда бунча пул йўқ, фақат тушлик учун берилган тийинлар бор эди. Китобни қўлимга олдим. Абдулла Ориповнинг “Йиллар армони” тўплами экан. Кўзим билан кўрмаган бўлсам-да, китоб 1983 йили чоп этилиб, тезда сотилиб кетгани, яқинда унинг иккинчи нашри ҳам босмахонадан чиққанидан хабарим бор эди. Халқимизнинг суюкли шоири ижод намуналарини газета, журнал ва дарсликларда ўқиганман, лекин бундай дурдона шеърлар жамланган салмоқли китобини биринчи бор ушлаб туришим эди.
– Оламан. Яшириб қўйинг, ҳозир келаман.
Уйга бориб, бувим ё отамдан пул олиб келай, десам, учрашувни ўтказиб юбораман. Узоқ ўйламай, мени доим қўллаб-қувватлаб келадиган адабиёт муаллимимиз — Тўхтамурод аканинг ёнига бордим. Вазиятни тушунтирдим.
– Бунча яхши. Кел, бундай қиламиз: китобни мен сотиб оламан, сўнг сенга ўқишга бериб тураман.
– Йўқ, пул бериб турсангиз, китобни ўзим сотиб оламан, пулни эртага қайтараман, кейин керак пайти тўпламни сизга ҳам бериб тураман.
Тўхтамурод ака қайсарлигимдан мамнун бўлди шекилли, табассум билан ҳамёнидан пул чиқарди. Бу орада ғала-ғовур бошланиб кетди. Гулдурос қарсак ва олқишлар остида биз дарсликларимиз ва телеэкран орқали кўп кўрган, радиоэфирларда овозларини тинглаган Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўмин, Илёс Муслим каби болалар адабиётининг устунлари залга қатор бўлиб кириб келди. Учрашув бошланиб, давра аввал жонланиб, кейин қизиб кетди. Шеърхонлик, куй-қўшиқ ва саҳналаштирилган томошалар давом этяпти-ю, хаёлим пештахта тагига яширилган “Йиллар армони”да: “Ишқилиб сотувчи аёл китобни бошқага (Тўхтамурод акага) бериб юбормасин-да”.
Йўқ, у сўзида турди. Учрашув тугаб, уч шоирни қуршаб олган ўқувчилар қатори ташқарига чиқдим. Китоб растасига яқинлашиб, пулни узатиб улгурмасимдан сотувчи аёл китобни қўлимга тутқазди.
Ўша китоб ҳозир ҳам кутубхонам жавонидаги энг кўринарли ерда туради. Чунки 1987 йилда қайта нашр этилган шеър ва достонлардан иборат “Йиллар армони” тўпламини тез-тез жойидан қимирлатиб туришга тўғри келади. Салкам 40 йилдан бери уни ота-онам, сингилларим, фарзанд ва жиянларим, қолаверса, ижодкор дўстларим билан қайта-қайта варақлаймиз, унинг саҳифаларидаги битиклар орқали шоирнинг сирли ва сеҳрли оламига сайр қиламиз.
***
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти атоқли намояндаларининг таваллуд саналарини муносиб нишонлаш, китобхонлик байрамлари ўтказиш, ижодий меросини кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиш назарда тутилган. Хусусан, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси топширилган.
Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, давлатимиз мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётган бетакрор ижодий мероси, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолияти ҳар қанча тадқиқ қилишга арзигулик.
– Устознинг беназир шеърияти унинг илк тўплами “Митти юлдуз”дан тортиб, умрининг охирги нафасида битган сўнгги сатригача она Ватанимиз ва халқимизга фидойиларча хизмат қилди, – дейди Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Абдулла ака бутун умр инсон фазлу камолини, виждон, имон ва эътиқодни тараннум этди. Унинг онага муҳаббати – Ватанга муҳаббат, Ватанга муҳаббати эса – онага муҳаббат тимсолида тиллар ва элларда достон бўлди. Инсонга муҳаббати эса бутун инсоният ва бани башарга муҳаббатнинг оташин изҳори бўлиб янгради. Бор ҳаёти, бутун ижоди давомида бир умр инсонни коинот гултожи, дея шарафлади. Шу боис, ҳақиқатпарвар ва адолатгўй шоир тубанлик, ҳирсу ҳасад ва хиёнат, разиллик ва қабиҳликдан нафратланиб ижод қилди, шеърлари билан жаҳолатга қарши курашди. Том маънода адабиётнинг ҳақиқий виждони бўлиб фарёд чекди.
***
Илк бор республика матбуотида “Абдулла Орипов” деган муаллиф имзоси 1959 йил 20 март куни пайдо бўлди. Ўша санада болалар ва ўқувчилар газетасида унинг “Қушча” шеъри чоп этилди.
Гоҳ бутоққа, гоҳ гулга қўнар
Тиним билмас сайроқи қушча.
Нечун баҳор сени ром этган,
Қайда эдинг баҳор келгунча?
Кел, яшайлик, ҳамиша бирга,
Бизда баҳор гуллар барчаси.
Билсанг мен ҳам чаман ўлкамнинг
Шўх ва қувноқ шод ўғилчаси.
1965 йилда шоирнинг илк китоби – “Митти юлдуз” нашр этилади. Ўшанда Эркин Воҳидов “Митти юлдуз”нинг пайдо бўлиши шеъриятимиз осмонида янги қувноқ, чароғон юлдуз пайдо бўлганидан дарак беради”, деб ёзган эди. Ундан кейин адабиёт оламида кечган жараёндан келиб чиқиб, замонавий ўзбек шеъриятининг кейинги олтмиш йиллик йўли “Митти юлдуз”га қараб белгиланди, десак муболаға бўлмаса керак. Бундай қараш кўплаб филолог олимлар, адабий танқидчи ва тадқиқотчиларнинг илмий ишларида ўз аксини топиб келмоқда.
Шу ўринда дунё таниган ёзувчи Чингиз Айтматовдан ҳам бир иқтибос келтириш ўринли: “Катта шоир ҳамиша ўз вақтида майдонга келади, у – ҳамиша тарихий. Зотан катта шоир ўз халқининг овози, орзу-умидлари ва инсон қалби изтиробларининг ифодасидир. Бироқ, энг асосийси, у ўз даврининг ҳаками ва куйчиси, у жарчи ва файласуф, у сўз сеҳргари ва узлатга чекинган мутафаккир – дарвиш. Буларнинг бари унга қалб изҳорини ҳаммага бирдай тушунарли, севимли, шу билан бирга, кўтаринки, теран маънолар моҳиятини ифодалаш учун ато этилган. Шу боис, шоирнинг сўзларидан замондошлари ҳам, келгуси авлодлар ҳам фахрланиб юради. Абдулла Орипов менинг кўз олдимда ХХI асрга қадам қўйиш давримизнинг буюк маданий аҳамиятга молик ана шундай шоири бўлиб гавдаланади”.
***
Абдулла Орипов қолдирган адабий мероснинг ўрганилиши ва тарғиб этилиши миллат маънавиятининг бардавомлигини англатади. У сингари миллат фарзандларининг юбилейини нишонлаш миллий маънавиятга умумдавлат миқёсида эътибор қаратилаётганининг яққол далолатидир. Бу каби саъй-ҳаракатлар ёшларда адабиётга, сўзга меҳр-муҳаббат уйғотади.
– Бутун бошли авлодлар шоирнинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат, олижаноб инсоний фазилатлар мадҳ этилган шеърияти руҳида камол топди, – дейди филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олим Тошбоев. – Адабиёт мухлислари шеърнинг ажиб сеҳри, сўз қудрати ва тароватини Абдулла Орипов ижоди орқали ҳис этди. Унинг шеърлари кириб бормаган ўзбек хонадони йўқ десак муболаға бўлмайди. Ижодкорни эъзозлаган, китобга ошуфталикни рағбатлантирган халқнинг эса қадри баланд бўлади. Миллий ғоя, Учинчи Ренессанс пойдеворини адабиёт, хусусан, Абдулла Орипов шеъриятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Жамиятнинг маънавий-ғоявий қиёфаси адабиётга муносабат билан белгиланади.
***
Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ҳудудида қад ростлаган Адиблар хиёбони 2020 йил 20 майдан маънавият, маърифат маскани сифатида ижодга ошуфта кўнгиллар, ижод аҳли, зиёли ва талабаларнинг сокин ва тароватли масканига айланди. Бу ерда ўзбек миллий мумтоз ва замонавий адабиётининг энг забардаст вакиллари ҳайкали қад ростлади. Улар орасида Абдулла Орипов сиймоси ҳам абадиятга муҳрланган. Қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда Қарши шаҳрида шоир номидаги ижод мактаби ҳам очилган бўлиб, бугун масканда ёш иқтидорлилар таълим олади.
Ўзбек адабиёти доимо ўз ўрнига эга катта мактаб бўлиб келган. Президентимиз таъкидлаганидек, “Aдабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак”.
Абдулла Ориповнинг халқимиз қалбига сингиб кетган ижод намуналари шунчалар кўпки, улар барча авлодлар учун олтин мерос бўлиб қолди. Шеъриятга дастлаб “Митти юлдуз” тўплами билан кириб келган шоир деярли олтмиш йил мобайнида ёзилган асарлари билан ўзбек адабиётининг ёрқин юлдузларидан бирига айланди.
Энг муҳими, бу ижоднинг халқимиз маънавий камолотига таъсири йилдан йилга ортса ортяптики, асло камаймайди. Замонлар ўтиши, тузумлар ўзгариши, бадииятнинг ўзидаги ички емирилишлар туфайли муайян даврда катта шон-шуҳрат топган асарлар бора-бора ўз қийматини йўқотиши мумкин. Аммо Абдулла Орипов меросидаги асарлар наинки барча замонлар, балки бутун инсоният учун қадрли. Зеро, унинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?”, “Ўзбекистон”, “Сен баҳорни соғинмадингми?”, “Биринчи муҳаббатим”, “Аёл”, “Онажон” каби жуда кўплаб ижод намуналарида инсонга хос бўлган бетакрор ва гўзал туйғулар, севинч ва соғинч ўзининг гўзал ифодасини топган.
– Ҳақиқий ижодкор ҳаётининг бирор лаҳзаси Ватан ва миллат туйғусидан айро кечмайди, – дейди филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов. – Агар шу туйғудан маҳрум бўлса, у ижодкор эмас. Биргина “Ватан! Менинг бор қисматим шу бир сўзда ҳал” деган мисра орқали ифода этилган ўтли фикр Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодининг асл моҳиятини акс эттира олади. Шеърларида шоир ушбу туйғуни миллий руҳ ва юксак бадиият уйғунлигида бетакрор талқин этди. Эстетик тафаккурни ижод аҳли етишмоғи мушкул бўлган юксак чўққига олиб чиқди. Миллий адабиётнинг тараққиёт мезонларини белгилаб берди. Шеъриятда ўзига хос анъаналарига, муносиб издошларига эга мактаб яратди. У ижодининг аввалида ўз йўлини топган ва адабиётга ўз сўзини айта олган фавқулодда истеъдод соҳиби эди:
Меп шоирман,
Истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим,
Бировлардан олмадим туйгу,
Ўзгага ҳам бермам овозим.
Қўлига қалам ушлаб, шеър ёзишни ният қилган ўзбек борки, Абдулла Орипов номи қаршисида бир дам ўйга толади. Йигирманчи аср ўзбек шеъриятининг энг забардаст вакили истеъдоди олдида ҳайратга тушади. Шоир шеъриятининг сеҳру жозибаси, оҳанрабоси шундаки, ундаги ҳар бир сўз нафосати билан ўқирманни ўзига асир этади. Руҳини кўтариб, умид илдизларига сув қуйиб, қувватлантиради. Интилиш учун чексиз сарҳадлар сари йўналтиради. Шунингдек, беназир шоирнинг ўлмас шеърлари ҳали яна қанчадан қанча қалбларга илҳом солади. Унинг шеърияти умрбоқийликка юз тутган назмдир.
***
Дарвоқе, ўшанда эртаси куни Тўхтамурод акага пулни қайтардим. Тахминан бир йилдан кейин мактабни битириш арафасида эса Чорсудаги китоб дўконида “Йиллар армони” сотилаётгани устидан чиқиб қолдим. Ўйлаб ҳам ўтирмай, бир донасини сотиб олиб, адабиёт ўқитувчимизга совға қилган эдим.
Яна бир гап. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов билан икки марта –Ёзувчилар уюшмасининг аввалги биносида ва Навоий кўчадаги Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлигида юзма-юз кўришиш ҳамда суҳбатидан баҳраманд бўлиш насиб қилган. Тафсилотларни мавриди билан қоғозга тушириш ниятимиз ҳам йўқ эмас.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири