Унда сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида кенг қамровли алоқалар, хусусан, терроризмга қарши курашдан тортиб то ўзаро савдо ҳажмини кенгайтиришгача бўлган умумий манфаатларга асосланган икки томонлама муносабатлар сезиларли даражада фаоллашгани билан боғлиқ далил ва фикр-мулоҳазалар атрофлича қаламга олинган.
Мақолада биринчи марта ўтказилиши режалаштирилган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” саммити икки давлат учун ҳамкорликнинг узоқ муддатли асосларини мустаҳкамлашда янги имкониятлар эшигини очиши алоҳида қайд этилган.
Умумҳиндистон радиоси ўз мамлакатининг “кенгайтирилган қўшничилик” сиёсатидаги катта қадам сифатида “Ҳиндистон-Марказий Осиё” саммитининг биринчи йиғилиши 2022 йил 27 январь куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Марказий Осиё давлатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) раҳбарлари иштирокида виртуал форматда ташкил этилишини қайд этар экан, мазкур биринчи саммит чоғида етакчилар ўзаро муносабатларни янги чўққиларга олиб чиқиш бўйича амалий чора-тадбирларини муҳокама қилишлари режалаштирилганини маълум қилган. “Олий даражадаги учрашув чоғида томонлар Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ўзгариши ортидан юзага келаётган минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ масалаларда фикр алмашишлари кутилмоқда”, деб ёзади манба.
Мақолада мамлакатларимизнинг савдо ва инвестициялар соҳасидаги икки томонлама муносабатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги умумий товар айирбошлаш ҳажми йилдан йилга ортиб бораётгани таъкидланар экан, 2020 йилда умумий савдо айланмаси 442,7 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 355,5 миллион АҚШ доллари, 2018 йилда эса 286,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлганини юқоридаги фикрнинг тасдиғи сифатида келтирилган.
Мақолада Ҳиндистон экспортидаги асосий маҳсулотлар дори-дармон, механик ускуналар, автомобиль қисмлари, хизматлар, оптик асбоб-ускуналарни, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондан импорти эса асосан мева-сабзавот маҳсулотлари, хизматлар, ўғитлар, шарбат маҳсулотлари ва экстрактлари, мойлаш материалларини ўз ичига олиши ҳинд ўқувчиларининг эътиборига ҳавола қилинган.
Умумҳиндистон радиоси бугунги кунда давлатларимиз ўртасида икки томонлама инвестиция шартномасини имзолаш бўйича музокаралар олиб борилаётганини ҳам қайд этган.
Мақолада, шунингдек, терроризм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, наркотик моддаларнинг ноқонуний савдоси ва контрабандага қарши курашиш каби умумий таҳдидлар ҳисобга олинган ҳолда ҳар икки томон 2018 йил октябрь ойида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва бошқаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолагани, мазкур ҳужжат доирасида ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олингани маълум қилинган.
Шунингдек, 2019 йил ноябрь ойида Деҳли шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Ҳиндистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасида трансмиллий уюшган жиноятчилик ва халқаро терроризмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги Битим имзолангани ҳам қайд этилган.
Мазкур мақолада стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва сиёсий мулоқотни таъминлаш мақсадида икки давлат ўртасида мунтазам равишда олий даражадаги ўзаро ташрифлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланган.
Жумладан, 2018 йили Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга буюрган давлат ташрифи чоғида икки давлат ўртасида 17 та битимлар имзолангани ёдга олинган.
“Олий даражадаги алмашувлар ҳақида сўз борганда, 2020 йил 11 декабрь куни Бош вазир Нарендра Моди ва Президент Шавкат Мирзиёев ўртасида бўлиб ўтган виртуал саммитни алоҳида таъкидлаш лозим, деб ёзади “News on Air”. Саммит давомида томонлар икки томонлама устувор масалаларни, жумладан, сиёсат, хавфсизлик, коинот, таълим, ривожланиш лойиҳалари ва минтақавий муаммолар, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилдилар. Бош вазир Нарендра Моди ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги виртуал саммит доирасида иқтисодиёт, инновациялар, молиявий-техник кўмак, божхона иши ва савдони техник тартибга солиш, кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказишга доир қатор икки томонлама ҳужжатларга имзо чекилди”.
Юқоридагилардан ташқари, ушбу мақолада мамлакатларимизнинг пандемияга қарши курашда ҳам фаол ҳамкорлик қилаётганини тасдиқлайдиган муҳим далил ва рақамлар ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола этилган.