Мактаблар рейтингини аниқлаш учун республикамизнинг 14 та ҳудудидаги 207 та туман (шаҳар)ларда жойлашган 9 954 (ўтган йилда 9 622 та) мактаб фаолияти таҳлил қилинди.
Таҳлил натижалари асосида 2021 йил якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек туман (шаҳар) кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтинги ҳамда туман ва шаҳарларнинг таълим сифати бўйича рейтинги тайёрланди.
Бунда халқаро тажриба (Финляндия, АҚШ, Жанубий Корея, Россия) ҳамда маҳаллий устувор масалаларга алоҳида эътибор берилиб, 4 та йўналишда 8 та индикатор белгиланди.
- ўқувчиларнинг ҳаётга тайёргарлик даражаси (билим даражаси, олийгоҳларга кириш кўрсаткичи, хорижий тилни билиш даражаси ва бандлик);
- педагогларнинг сифат таркиби ва салоҳияти (олий ва биринчи тоифага эга педагоглар улуши);
- мактаблардаги маънавий-маърифий ва ўқув-тарбиявий муҳит (5 та ташаббус доирасида амалга оширилган ишлар ва ўқувчилар орасида жиноятчилик);
- маҳаллий ҳокимликларнинг мактаблар ривожи учун қўшган ҳиссаси (маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан мактаб ривожи учун сарфланган маблағлар).
Ҳудудлар рейтингида:
Энг юқори ўринларни Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари эгаллаган бўлса, энг охирги ўринларни Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари банд этишди.
Туман ва шаҳарлар рейтингида:
Юқори ўнталикдан Навоий, Бухоро шаҳарлари, Жондор тумани, Когон шаҳри, Зарафшон, Хива шаҳарлари, Когон, Учқудуқ туманлари, Урганч, Ғозғон шаҳарлари жой олди.
Сўнгги ўринларда эса Бўка, Тахиатош, Тошкент, Тупроққалъа, Зафаробод туманлари, Нурафшон шаҳри, ҳамда Учтепа, Қибрай, Қамаши, Юқори Чирчиқ туманлари эканлиги маълум бўлди.