Ўзбек тили байрамини муносиб нишонлаш мақсадида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида "Давлат тили ва замонавий таълим-тарбия” мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Унда университет ректори Алишер Умаров, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.

Тадбирда университет ректори А.Умаров бугунги кунда  барча соҳалар қатори давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилгани, маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш, жумладан, таълим- тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини такомиллаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қабул қилинган ўнлаб фармон ва қарорлар ўзбек тили равнақига бевосита ижобий таъсир қилаётгани ҳақида гапирди.

Анжуманда сўзга чиққанлар тилимиз тараққиётига давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор, шунингдек, ҳозирги кунда  ўзбек тили АҚШ,  Буюк Британия, Германия, Франция, Швеция каби давлатларнинг 60 га яқин университети ва 100 дан ортиқ мактабида ўрганилаётгани, у бўйича илмий изланишлар олиб бораётган чет эллик тадқиқотчилар сони кундан кун ошиб бораётгани ҳақида сўз юритди.

Тадбир сўнгида университет талабалари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар йиғилганларга кўтаринки руҳ ва байрамона кайфият улашди.