Бунинг натижасида жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин кўтарилиш ҳолати кузатиляпти. 

Муаммони соҳани янги инновацион технологиялар ҳамда илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш орқали ечиш мумкинми?

Бу борада нисбатан янги соҳа ҳисобланадиган Биотехнология - глобал масалани ечишга ва унинг оқибатларини юмшатишга хизмат қилишидан умид қилиш мумкин. Бу олимларнинг фикри.

“Биотехнология ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари” мавзусида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида бўлиб ўтаётган халқаро илмий-амалий анжуманда соҳа мутахассислари ана шу муаммо юзасидан ўз тадқиқотлари ва илмий изланишлари билан ўртоқлашмоқда.  Халқаро конференцияда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Белорусь Республикаси, Руминия, Польша, Тожикистон ва Туркиядан соҳа мутахассислари, ёш олим ва тадқиқотчилар онлайн ва офлайн тарзда иштирок этишмоқда.

Анжуманда чорва озуқаларини биоқўшимчалар билан бойитиш ва ветеринария соҳасида биотехнологиянинг аҳамияти, био хилма-хилликни асраш борасидаги замонавий татқиқотлар ҳамда уларнинг долзарб масалалари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси бўйича ўтказилган илмий тадқиқотларнинг натижалари, инновацион технологиялар ҳамда мавжуд муаммолар ҳақидаги фикр ва ғоялар баён этилиб,  кенг муҳокама қилинди.

Ҳозирги кунда университет “Биотехнология” кафедрасида фаолият олиб бораётган олимлар, таянч докторантлар, мустақил изланувчилар, магистрлар ва иқтидорли талабалар томонидан илмий маслаҳатчилари билан ҳамкорликда глобаллашув шароитларида озиқ-овқат хавфсизлиги доирасида  илмий тадқиқот ишлари ҳамда ушбу мақсадга эришиш учун тизимлаштирилган кенг кўламли изланишлар олиб борилмоқда.

Конференция ишида “Биотехнология” кафедраси мудири, биология фанлари номзоди, доцент Насиба Ҳўжаева координаторлик қилди.

Чорвачилик ва ветеринария соҳасида биотехнологик усуллардан фойдаланиб, қишлоқ хўжалик ҳайвонлари озуқаларини бойитиш, маҳсулдор ва касалликларга чидамли бўлган трансген ҳайвон зотларини яратиш ва ҳоказо йўналишларда олиб борилаётган тадқиқотлар мамлакатимиз иқтисодиётида бу соҳанинг ўрни ошиб бораётгани ва изланишлар тараққиётга хизмат қилишига ишорадир.

Конференцияда хорижий давлатлардан 10 нафарга яқин соҳа мутахассислари, шунингдек, республикамизнинг 20 дан ортиқ соҳага оид ташкилотларидан 100 нафардан ортиқ мутахассис ва олимлар ўзларининг озиқ-овқат хавфсизлиги мавзусидаги бугуннинг долзарб масалаларига қаратилган маърузалари билан иштирок этишди. 

 “Бионова” лабораторияси директори, профессор Т.А.Нугманова (Россия Федерацияси), Витебск давлат ветеринария медицинаси академияси ректори Н.И. Гавриченко (Белорусь Республикаси), Клуж-Напока қишлоқ хўжалиги фанлари ва ветеринария медицинаси университети доктори Адриана Аурори (Руминия), Россия ФАнинг академиги В. Н. Зеленков, Газиантеп вилояти Антеп пистаси илмий тадқиқот институти доктори Ажлан Йилмаз (Туркия)лар томонидан илгари сурилган фикрлар ва тадқиқотлар натижалари шулар жумласидандир.

Анжуманда мутахассислар иштирокида кўриб ўтилган масалалар ва таклифлар озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасининг ривожланишига хизмат қилади. Тадбир жараёнида бу алоҳида қайд этилди.  

 

Ахборот хизмати