Мамлакатимизда олий таълимнинг барча шакли жаҳон таълим хаби сари дадил қадам ташламоқда. ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олиш кўрсаткичи кейинги беш йилда 9 фоиздан 26 фоизга кўтарилди. Юртимиздаги 10 та олий таълим муассасаси бу йил дунёнинг етакчи Times Higher education рейтингида қайд этилди.

Юртимиздаги олий ўқув юртлари сони 160 дан ошди. Хусусий олий таълим муассасалари ҳам давлат олий таълим муассасалари билан рақобатга кириша бошлади. Университетларда технопарклар, коворкинг ва симуляцион марказлар, ишлаб чиқариш лабораториялари ва талабалар малакасини ошириш марказлари ишга тушяпти. Замонавий халқаро талаблар университетлардаги ўқув жараёнини кучайтиришга кўмак бермоқда.

Мамлакатимизда ўқитиш сифати ва самарадорлигига қаратилаётган эътибор Самарқанд вилоятида тиббий таълим ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ҳудудда соғлиқни сақлаш соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, унинг институционал, ўқув-педагогик салоҳиятини ошириш, ўқитиш жараёнини халқаро стандартларга мос равишда ташкил этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, реабилитология ва спорт тиббиётидаги долзарб масалалар бўйича илмий тадқиқотларни тизимли олиб бориш ҳамда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўляпти.

Илм ва амалиёт уйғунлиги

Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳам юртимиз тиббиёти ва таълими ривожида фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Президентимизнинг шу йил 1 апрелдаги “Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш ва соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига биноан, вилоятдаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари олий таълим муассасасига бириктирилди.

Олийгоҳ мазкур техникум ва коллежлардаги таълим ва амалиёт сифати учун бевосита масъул бўлиб, уларда зарур моддий-техник, ўқув-методик базани шакллантиради ҳамда таълим жараёнига тажрибали мутахассисларни жалб этади. Уларда фаолият юритувчи ўқитувчиларга илмий-методик жиҳатдан кўмаклашади. Университетимиз клиникалари техникум ва коллежлар учун клиник база бўлиб хизмат қилади. Кафедралар ўз йўналиши бўйича ўрта махсус билим юртларига замонавий ўқитиш методикаси ва технологияларини ўргатади, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг билимини баҳолаб боради.

Ушбу жараёнлар орқали олий ва ўрта махсус таълим интеграцияси таъминланади. Шу билан бирга, университет профессор-ўқитувчиларининг фаолиятини амалий тиббиётга уйғунлаштириш ҳам қарорда ўз аксини топган. Ўтган қисқа вақтда олий таълим муассасасининг барча профессор-ўқитувчилари вилоятнинг Оқдарё, Пахтачи, Ургут, Нарпай ва бошқа туманларида бўлиб, аҳоли саломатлигини, касалликларни келтириб чиқарувчи хавф омилларининг тарқалганлик даражасини ўрганди.

Аҳолини хавф гуруҳларига кўра таснифлаш, шунга кўра, уларга индивидуал маслаҳат бериш, кўрик ва назорат ўтказиш, соғломлаштириш ва реабилитация чораларини белгилаш, одамлар орасида энг кўп тарқалган хасталикларни эрта аниқлаш, мақсадли скрининг қилиш чоралари кўриляпти. Махсус электрон дастур асосида  “Саломатлик профили”ни яратиш, қишлоқ ва маҳаллаларда “Саломатлик мактаби” фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланди.

Тиббий таълимда жаҳон тажрибаси

Самарқанд давлат тиббиёт университети фаолиятига жаҳон тажрибасини уйғунлаштириш, ёшларни дунёдаги амалиёт билан таништириш мақсадида университет шу кунга қадар 20 га яқин халқаро ташкилот билан меморандум имзолади. Жумладан, 8 та йирик тиббий марказ билан истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйди.

Ҳозир университетнинг юздан ортиқ хорижий олий таълим ва илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқалари мавжуд бўлиб, малака ошириш, тажриба алмашиш ўқув курслари бўйича амалдаги меморандумлар сони 90 тага етди. 2022 йилнинг ўтган даврида ўқув муассасасида 10 га яқин халқаро ҳамкор олийгоҳ ва ташкилот иштирокида 10 дан ортиқ келишув имзоланди. Уларнинг 90 фоизи амалиётга босқичма-босқич татбиқ этиляпти.

Бу йил университет ҳайъати АҚШнинг Питтсбург университетида бўлди. Учрашувлар давомида академик ҳамкорликни муст аҳкамлаш, биргаликда замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, шунингдек, Питтсбург университети тиббиёт мактаби билан шерикликда лойиҳаларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Шунингдек, Япониянинг JICA ташкилоти университет клиникалари инфратузилмасини тўлиқ модернизациялаш, янги жиҳозлар билан ишлайдиган ходимлар малакасини ошириш бўйича лойиҳаларини бошлади. Ислом ҳамкорлик ташкилоти Таиланд халқаро ҳамкорлик агентлиги (ТICА) онлайн ўқув курсларини ташкил этяпти. Унда университетнинг 20 дан зиёд ходими қатнашмоқда.

Германиянинг Кох илмий-тадқиқот институти университет клиникасида илмий лаборатория ташкил этиш, COVID-19 ни ўрганиш бўйича ишларни давом эттиряпти. Корея Республикаси Пусан миллий университети ва университет клиникаларида амалий телетиббиётни ривожлантириш режалаштирилган. Айни пайтда клиникада телетиббиёт марказлари ишга туширилди. Буюк Британиянинг Кембриж университети ва Самарқанд давлат тиббиёт университети ўртасида профессор-ўқитувчиларнинг чет тилдан саводхонлигини ошириш, тиббиётда хорижий тилларни ўқитишда янги технологияларни қўллаш, малака ошириш, тажриба алмашув ўқув курслари бўйича алоқалар ўрнатилди.

Молиявий ресурсларни жалб қилиш мақсадида 50 га яқин лойиҳа ҳужжатлари тўлиқ тайёрланди. Ҳозир Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 6 та лойиҳа талабномаси молиялаштириш учун тавсия этилган. Илмий-инновацион фаолият бўйича мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун вазирлик томонидан 8,2 миллиард сўм йўналтирилди. Бу йил “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси” МЧЖ билан меморандум имзоладик.

Асосий мақсад талабаларга стартап лойиҳалар ҳақида маълумот бериш, уларнинг ўз лойиҳаларини шакллантириши ва молиялаштиришига кўмаклашишга қаратилган.  Натижада университетда 2 та долзарб стартап лойиҳа танлаб олинди. Уларга маблағ ажратилди ва молиялаштириш ишлари  давом эттирилмоқда. Давлатимиз томонидан таълимга берилаётган эътибор одамларнинг турмуш даражасини яхшилаш, яшаш сифатини ошириш ва жамиятни тараққий эттиришга қаратилган. Чунки тараққий этган мамлакатларда олий таълим аҳолининг моддий-маънавий даражаси юқорилиги билан баҳоланади.

2022 йилда 36 та олий таълим муассасаси, жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт университетига академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллик берилгани олийгоҳларнинг имкониятини янада кенгайтирди. Университетлар ўз тараққиёт йўлини ўзи белгилаши, дунёдаги етакчи олий таълим муас сасалари ўқув дастурларини ўрганган ҳолда уларни ўз ўқув-илмий жараёнига татбиқ этиши, хорижий олимларни машғулотларга мустақил жалб этиши ва академик эркинлик юртимиз олийгоҳларининг яқин йилларда изчил ривожланишига хизмат қилади.