Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 188⁵-моддани киритиш назарда тутилмоқда.

Унга кўра, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш мажбурияти юклатилган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимлари томонидан ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига белгиланган тартибда хабар бермаслик учун жарима қўллаш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга амалиётда айрим ҳуқуқбузарликлар ҳақида ваколатли органларга ўз вақтида хабар берилмаслиги сабаб бўлган.

Хусусан, 2025 йилда 536 та эрта туғруқ ҳолати тегишли органлар томонидан «Е-материал» ахборот тизимида рўйхатга олинмаган ва улар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмаган.

Қонун лойиҳаси ҳуқуқбузарликларни яширишнинг олдини олиш, уларга ўз вақтида ҳуқуқий баҳо бериш, шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга қаратилган.

Муҳокамаларда асосий эътибор ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш мажбуриятини бажармаган масъул шахсларнинг жавобгарлигини белгилашга қаратилди.