Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳри қиёфаси кейинги уч-тўрт йилда таниб бўлмас даражада ўзгарди – кўп қаватли турар жой бинолари, саноат корхоналари, маиший хизмат масканлари бунёд этилди. Шаҳарни замонавий мегополисга айлантириш жараёни изчил давом қилмоқда.
Эндиликда шаҳарнинг ўз “city”си ҳам бўлади.
Куни кеча Туркиядаги машҳур “UNSAL GROUP” компанияси бош директори Орхан Унсал вилоятга ташриф буюрди ва янги мажмуа барпо қилиниши режалаштирилган ҳудуд билан танишди.
Туркиялик инвестор “URGENCH CITY” қурилиши учун қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳани амалга оширишни режалаштирган.
Янги қурилажак маскан “тадбиркорлик мажмуаси” мақомида бўлиб, бу ерда кўп қаватли замонавий турар жойлар, ишлаб чиқариш иншоотлари, дам олиш масканлари ҳамда савдо шохобчалари қурилади, дея хабар беради “Янги Ўзбекистон” мухбири Рўзимбой ҲАСАН.