Тадбирда институт ректори вазифасини бажарувчи Диёржон Абдуллаев, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Умаржон Хўжамуратов ҳамда 2026/2027 ўқув йили Қабул комиссияси масъул котиби Санъат Худайберганов иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Таъкидланганидек, Урганч давлат педагогика институти 2022 йил 21 июнда Президентнинг 289-сонли қарори асосида ташкил этилган бўлиб, бугун ўзининг тўрт йиллик фаолиятини сарҳисоб қилмоқда.

Ўтган давр мобайнида институтда илмий, ўқув, маънавий-маърифий ҳамда молия-хўжалик соҳаларида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Айни пайтда олийгоҳда 9 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда.

Матбуот анжуманида 40 нафардан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари, тележурналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди.

Тадбир давомида институтнинг тўрт йиллик фаолияти натижалари, эришилган ютуқлар, истиқболдаги режалар ҳамда 2026/2027 ўқув йили учун қабул жараёнларига оид муҳим маълумотлар жамоатчиликка тақдим этилди.