Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатларни имзолаш маросимида «Uzbekistan Airports» компанияси бошқаруви раиси Жавлонбек Умарходжаев, «Incheon International Airport Corporation» президенти Ли Хак-Чже ва Урганч халқаро аэропорти директори Ойбек Маткаримов иштирок этди. Тадбир Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов бошчилигида ўтказилди.

Жавлонбек Умарходжаев таъкидлашича, Жанубий Корея билан ҳамкорлик Ўзбекистон аэропортлари инфратузилмасини ривожлантиришда янги саҳифа очади. «Илғор технологияларни жорий этиш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ошиши мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини кучайтиради», — деди у.

Битим доирасида хусусий шерик йўловчи ва юк терминалларини қуриш ҳамда бошқариш, ерда хизмат кўрсатиш учун масъул бўлади. Давлат шериги эса аэродром мажмуаси — учиш-қўниш йўлаги ва перронни қуриш ҳамда бошқаришни амалга оширади.

Маълумот учун, 2024 йил 30 августдаги Президент қарори асосида «Қуриш, бошқариш ва топшириш» (БОТ) модели бўйича тендер эълон қилинган эди. Тендер натижасига кўра, Инчхон халқаро аэропортини бошқарувчи Жанубий Кореянинг «Incheon International Airport Corporation» ғолиб деб топилди.

Инчхон халқаро аэропорти — Жанубий Кореянинг асосий аэропорти бўлиб, Шимолий-Шарқий Осиёнинг йирик транспорт марказларидан бири ҳисобланади. 2024 йилда у 80 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган ва бир неча бор дунёдаги энг яхши аэропортлар рўйхатида юқори ўринларни эгаллаган.