Жорий йилнинг 25-30 ноябрь кунлари Хоразм вилояти ҳокимлиги делегацияси таркибида Урганч давлат педагогика институти ректори Феруза Мадраҳимова Хитой Халқ Республикасининг қатор вилоят ва шаҳарларида хизмат сафарида бўлди.

Сафар чоғида Гуанси, Гансу вилоятлари ва Нанкин шаҳридаги ОТМлар ректорлари билан музокаралар ўтказилди. Наннинг педагогика университети, Нанкин технологиялар университети ҳамда Ланжоу транспорт университети билан келишувларга эришилди. Делегация аъзолари Фангченгганг, Наннинг ва Ланжоу шаҳарларида ташкил этилган халқаро форумларда иштирок этди.

Сафар давомида УрДПИ ректори Ланжоу шаҳридаги ОТМларда таҳсил олаётган ватандошларимиз — ўзбекистонлик талабалар билан учрашди. Учрашув давомида уларнинг соҳаси бўйича пухта билим эгаллаши ҳамда Ўзбекистон равнақи учун хизмат қиладиган етук кадрлар бўлишида муваффақият тилади, дейилади институт ахборот хизмати хабарида.