Хизматларинг буюк халқим олдида,
Сен билан тўлиқдир фарзанд камоли.
Ғайрат-шижоатинг билганда ҳатто,
Тан берган бўларди тинмас чумоли.
Мактаб ҳам бўлакча ойнаи жаҳон,
Сен унинг етук бир сухандонисан.
Юрт-жаҳон, ўтмиш ва келажак ҳақда,
Топиб сўзлайдиган ақл конисан.
Хат таниб, ҳисобни ўрганган гўдак,
Дунёни чароғон эканин англар.
Ҳодисалар сири, модда таркиби,
Яшил дунё ҳақда у жон, деб тинглар.
Болалар ғайратли, билимга чанқоқ,
Демак, минг бир савол бериши табиий.
Эринмай тушунча берасан ҳар чоқ —
Бежиз берилмаган номинг — мураббий.
Сен йўлинг топсайдинг, олиб қўярдинг,
Дунёни боланинг гулдек кафтига.
Ахир ахлоқ юкин учдан бирини,
Ўзингмасми олган икки кифтингга.
Бу юртда неки касб-ҳунар эгаси —
Бир пайтлар ўзингга шогирд эдилар.
Олим, шоир, ҳофиз, рассом, бастакор,
Шогирд устозидан ўтар дейдилар.
Сен-чи, қувонасан ютуқларидан,
Худди совға олган мурғак боладек.
Менинг ўқувчим, деб тошиб сўзлайсан,
Фарзандин ютуғин кўрган онадек.
Демакки, сен буюк, сен тенги йўқсан,
Уларга отаси, онаси каби.
Тўғри йўл кўрсатиб берган маёқсан,
Обрўйинг юксалсин, устоз-мураббий.
Майли, биров билсин, биров билмасин:
Сен меҳнат қилавер юрт эртаси деб.
Эй, муаллим-устоз қадринг ўлмасин,
Сен фақат яшагин нонинг ҳалол еб.
Саъдулла Қоплонов,
Жиззах вилояти, Бахмал туманидаги 11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.