“Ўзбекистон” локомотив депосида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийллар куни муносабати билан мазкур улуғ даргоҳда узоқ йиллар давомида ишлаб, шогирдлар етиштиришда муносиб ҳисса қўшган пенсиядаги устозлар ҳамда депода ҳозирда ҳам “устоз-шогирд” анъанасига мувофиқ кўплаб етук мутахассислар тайёрлашда илдам бўлиб келаётган фидойи устоз ва мураббийлар учун тантанали байрам тадбири ташкил этилди.

Унда депо бошлиғи Ф.Маҳаматов сўзга чиқиб, барчани мамлакатимиз ҳаётидаги энг қутлуғ сана – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этди.

– Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга таълим ва тарбия берган бу, албатта – устозларимиздир, – деди Ф. Маҳаматов. – Халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, деган сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмати абадий муҳрланади. Шунинг учун ҳам Сиз устозлардан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорчилик билдирсак ҳам шунча оз. Ҳаёт бор экан, устозлик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди. Сиз устозларга бошимиз ерга тукунча таъзимдамиз.

Шундан сўнг, депода узоқ йиллар ишлаб пенсияга чиққан фахрий темирйўлчилар, “устоз-шогирд” анъанасига мувофиқ кадрлар тайёрлашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган тажрибали мутахассислар ҳамда корхона ривожи йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган 50 нафар ишчи-ходим “Ташаккурнома” ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Анжуманда пенсиядаги “Фахрий темирйўлчи” белгиси соҳиби Пўлат Рўзиев ҳам сўз олиб, пенсиядаги устоз ва мураббийларга берилган бу каби эътибор ҳамда эъзоздан бағоят миннатдор эканини изҳор этди. Темир йўлни шундай улуғ ва қутлуғ даргоҳ эканини таъриф этиб, ҳар бир мутахассис ўзидан кейин шогирд тайёрлаб қолдириш азалий анъана сифатида давом этиб келаётгани ҳамда катта-катта мураккаб тепловоз, электровоз ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоездларни ва техникаларни бошқариш орқали йўловчи ва юкларни ўз манзилига хавфсиз етказиш энг оғир масъулиятли вазифалардан эканини таъкидлади. Шунинг баробарида деподаги 40 йилдан ортиқ меҳнати давомида уч юзга яқин шогирд етиштириганини, улар ҳозирда раҳбарлик лавозимларида ишлаётганини, шундан 20 нафари “Фахрий темирйўчи” белгиси соҳиби эканини ҳамда давлат мукофоти “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлганлигини фахр ва мамънуният билан тилга олди.

Тадбирнинг бадиий қисмида янграган “депо мадҳияси” ва корхонанинг истеъдодли ёшлари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, устозларга нисбатан қалби фахр ва ифтихорга тўла шеър ва диалоглар барчага кўтарингки руҳ ҳамда ўзгача файз бағишлади.

Феруза ХУДОЙҚУЛОВА,

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ

 Ахборот-таҳлилий медиа маркази мухбири