Вақт оқар дарё дейдилар доно халқимиз. Кечагидек ёдимда, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов билан навоийхонлик ва бобурхонлик декадасида учрашган эдик. Бу учрашув ИИВ Академиясининг Маънавият ва маърифат марказида бўлган эди. Мазкур марказдаги учрашувларни ва тадбирларни аксарият ҳолларда бизнинг кафедра ўтказар эди.
Учрашув ниҳоятда жўшқин ва қизиқарли ўтди. Эркин Воҳидов аруз вазнида ёзилган ғазалларини ўқиб, бизни хушнуд этдилар. Ижодлари ҳақида ва жамоат арбоби сифатидаги фаолиятлари тўғрисида қизиқарли маълумотлар бердилар. Айниқса, Европа кенгашининг парламентлараро ассамблеясида иштирок этиб, инглиз тилида маъруза қилганлари ва ўша чиқишдан видео лавҳалар берилгани офицер ва курсантларни лол қолдирганди.
Эркин аканинг инглиз тилида эркин ва равон сўзлашганлари ҳаммамизнинг хавасимизни келтирди. Офицер ва курсантлар шоирдан инглиз тилини бунчалик яхши билишларини сўрашганда, Эркин ака инглиз тилини невараларим билан репетиторга қатнаб ўрганганман деб жавоб бергандилар. Киши ўз олдига мақсад қўйса ва интилса, унга, албатта, эришади деб жавоб берганлар. Биз шоирни яхши кўрардик, лекин ўша воқеадан сўнг бошқача меҳр билан қарайдиган бўлдик.
2012 йилнинг февраль ойида кафедрамиз навоийхонлик ва бобурхонлик декадасига яна Эркин Воҳидовни таклиф этадиган бўлдик. Ёзувчилар уюшмасидан телефон рақамларини олиб, шоирга телефон қилдим. Гўшакни ўзлари кўтардилар ва мулойим овозда: “Лаббай!”, дедилар. Овозларини эшитиб, аввалига довдираб қолдим, бўлмаса унвони юқори ёки катта идораларда ишлайдиган амалдорлар билан бемалол гаплашадиган одам эдим. Лекин бир зумда ўзимни қўлга олиб, ким эканлигимни таништирдим ва мақсадимни айтдим.
Озгина сукут сақлагандан сўнг: “Майли, фақат кунини менга аниқ айтинг!”, дедилар. Кунини айтиб, банд эмасликларини билиб, машина юборамиз, деб хайрлашдим. 2012 йилнинг 10 февраль куни хизмат автомашинасида ҳайдовчи билан биргаликда устозни Тошкентнинг сўлим даҳаларидан бири бўлмиш Хувайдо маҳалласидан олиб келдик. Эркин ака бизни кутиб турган эканлар. Йўлакда аёллари кўриндилар ва машинамизни ёнидаги чизиқларни кўриб, ғалати бўлиб қолдилар. Эркин ака: “Булар Ички ишлар вазирлиги Академиясидан, қўрқманг онаси, бир соатда қайтиб келаман!”, дедилар. Мен аввалига тушунмадим ва эътибор бермадим. Кейинчалик билсам ўша кезлари бошларига катта ташвиш тушган экан, шунинг учун шоирнинг турмуш ўртоқлари хавотир олган экан.
“Тадбирда менга биринчи бўлиб сўз беринглар, мен ўн беш дақиқа маъруза қилиб, вақтлироқ янгангизнинг олдиларига қайтишим керак”, дедилар Эркин ака Академияга етиб келгач. “Курсантлар сизни келишингизни интизорлик билан кутиб ўтиришибди, катта тайёргарлик кўришган. Кетиб қолсангиз йигит-қизлар хафа бўлишади. Дарвоқе, сизни Тоҳир Малик ҳам кутиб ўтирибдилар”, дедим мен. Устоз индамадилар.
Марказ гуллар билан безалган, ҳамма ёқ саранжом ва саришта, курсантлар ораста оқ кўйлакларда, ҳамма ердан тантанаворлик уфуриб турибди. Залнинг ўртасида бобокалонларимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мўйқалам билан ишланган портретлари ўрнатилган. Залда Тоҳир Малик, Бахтиёр Назаров, Омонулла Мадаев, Ҳамидулла Болтабоев ва бошқа адабиётшунос олимлар кутиб ўтиришган экан. Эркин ака барчалари билан омонглашгач, тадбир бошланди. Бошловчи курсантлар келган меҳмонларни бирма-бир таништиришди. Биринчи бўлиб, Эркин акани эълон қилишганда марказ қарсакдан портлади десам асло муболаға қилмаган бўламан.
Мен шунда фахмладимки, халқимиз Эркин Воҳидовни нақадар яхши кўрар экан. Зални тинчлантириб, бошқаларни таништиришди ва курсантлар тайёрлаган саҳна кўринишини намойиш қилишди. Эркин ака кўрдики, тайёргарлик хўжа кўрсинга эмас, балки меҳр билан қилинган. Атоқли адиб чиройли чиқиш қилди, мавзуга оид саволларга жавоб берди ва ўз ижодидан намуналар ўқиб берди. Барвақт чиқиб кетаман деган шоир тадбирнинг охиригача қолди, чунки муҳит бунга йўл қўймади.
2015 йилнинг февраль ойида шоира Зулфиянинг юз йиллик юбилейлари баҳонасида яна Эркин Воҳидов ҳузурига бордим. Ўша вақтда улар Бешёғочдаги ижод уйида эканлар. Мен ўша дамда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида малака оширишда эдим. Университетдан пиёда устознинг ижод уйига бордим. Эшикнинг қўнғироғини чалдим, лекин ҳеч ким жавоб бермади. Ортга ўгирилиб, бир қадам босишим билан менга таниш бўлган овозда “лаббай!” деган сас янгради. Эшикда самимий табассум билан Эркин Воҳидов турардилар.
Мен ҳарбийчасига: “Саломатлик тилайман! Ўртоқ маршал!”, дедим баланд овозда. Эркин ака кулиб: “Келинг, Тўлқинжон келинг!”, дедилар ва ичкарига таклиф қилдилар. “Мени жуда унвонда кўтариб юбордингизку, Тўлқинжон!”, дедилар Эркин ака кулиб. “Сиз Ўзбекистон Қаҳрамонисиз ҳам Халқ шоирисиз, сиз маршал унвонига лойиқсиз!”, дедим. Албатта, бу ҳазил эди ва мен устозларни кўнглини кўтариш учун шундай дердим.
Ўша куни устоз менга илк маротаба рад жавобини бердилар, сабаби яқиндагина чет элда юракларини муолажа қилдирган эканлар, шунинг учун уларга тинчлик керак экан. “Мен ўзим бора олмасам ҳам Иброҳим Ғофуров ва Ойдин Ҳожиеваларга илтимос қиламан, улар тадбирингизга боришади. Бундан ташқари, улар Зулфия хоним сабабли турмуш қуришган ва тадбирингизга ўзгача файз киритишади. Орамизда Зулфияни Ойдин Ҳожиевачалик яхши биладиган адиба йўқ”, дедилар.
Зулфияхонимнинг юз йиллик юбилейлари катта бир байрамдек ўтди. Бунга, албатта, устознинг таклифларига биноан тадбиримизга ташриф буюрган Ўзбекистон санъат арбоби Иброҳим Ғофуров ва Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиевалар файз киритишган. Мана шу воқеага ҳам яқинда тўққиз йил бўлади. Шоир вафотидан кейин мен кўп ташкилотларда адибнинг ижоди билан боғлиқ маънавий ва маърифий тадбирлар ўтказганман. Уларда, албатта, шоирнинг набиралари ва яқинлари иштирок этишган.
2018 йилнинг 1 июнида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Ҳарбий-техник институтида тадбирда Эркин Воҳидов билан Тошкент шаҳридаги 22-ўрта мактабда олдинма кейин тахсил олган Иброҳим Ғофуровни таклиф этган эдик. Ўшанда Иброҳим аканинг Эркин Воҳидов ҳақидаги ҳикояси курсантларда жуда катта таассурот қолдирди.
Хизмат юзасидан мен кўп улуғ одамлар билан ҳамсуҳбат бўлганман, лекин улар орасида Эркин Воҳидовнинг алоҳида ўрни бор. Устозимизнинг охиратлари обод бўлсин.
Тўлқин САЙДАЛИЕВ,
филология фанлари номзоди, доцент.
истеъфодаги подполковник