Жумладан, Зарафшон шаҳрида яшовчи М.Пардаевнинг ёзишича, у кўп қаватли тураржой қураётган фирмалардан бири билан шартнома асосида 2 хонали муддатли тўлов эвазига сотиб олиш учун келишган. Шундан сўнг фуқаро бошланғич тўлов сифатида 125 580 000 сўм тўлаган. Бироқ қурилиш фирмаси уйни ўз вақтида топширмагани етмагандек, тўланган пулни қайтариб беришни ҳам пайсалга солган.
Ушбу мурожаат федерациянинг Зарафшон шаҳар жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида истеъмолчининг бошланғич бадал сифатида тўлаган пулини олишига эришилди.
Шундай мурожаатлардан бирини Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида яшовчи С. Д. йўллаган. Унда қайд этилишича, истеъмолчи туман марказида “EDIFICATION BUILDING” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйдан тураржой сотиб олиш учун тузилган шартномага асосан дастлаб 8 055 100, кейин 20 000 000 сўм тўлаган. Уй жорий йил бошида топширилиши кўзда тутилган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар қуриб битказилмаган.
Мазкур мурожаат ўрганилиши давомида ҳолат юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судига ариза киритилди. Суд ҳукмига кўра, истеъмолчи фойдасига моддий ва маънавий зарарларни инобатга олиб 35 000 000 сўм ундириб берилишига эришилди, дейилади федерация матбуот хизмати хабарида.