Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан мазкур препаратларнинг сотувда мавжудлиги, уларнинг нархи юзасидан жамоатчилик назорати тартибида мониторинг ўрганмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасининг туман (шаҳар)ларида фаолият кўрсатаётган дорихоналар танланма усулда ўрганилганда мазкур дорихоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан тавсия этилган дориларнинг атиги биттаси «Азитромитсин» сотувда мавжуд экани, 6 мингдан сўмдан 30 минг сўмгача сотилаётгани маълум бўлди. Қолган турдаги дорилар сотувда мавжуд эмас.
Андижон вилоятининг дорихоналарида ҳам фақатгина «Азитромитсин» препарати сотилмоқда ва унинг нархи 3 минг сўмдан 36 минг сўмгача экан. «Плаквенил» эса вилоятнинг Андижон шаҳар, Асака, Булоқбоши, Қўрғонтепа ҳамда Шахрихон туманларидаги айрим дорихоналарда235 миг сўмдан 282 минг сўмгача сотилмоқда.
Бухоро вилояти ҳудудидаги дорихоналарда «Плаквенил», «Лопинавир/Ритонавир», «Ремдесивир», «Умифеновир» ҳамда «Фавипиравир» дорилари сотувда мавжуд эмас. Фақатгина «Азитромитсин» дориси сотувда мавжуд бўлиб, мазкур дори нархи 4500 сўмдан 15000 сўмгача.
Жиззах вилояти ҳудудидаги дорихоналарда ҳам фақатгина «Азитромитсин» сотувда мавжуд. Мазкур дори вилоят дорихоналарида 5 минг сўмдан 8 минг сўмгача сотилмоқда.
Қашқадарё вилояти ҳудудидаги дорихоналарида олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра, «Плаквенил», «Лопинавир/Ритонавир», «Ремдесивир», «Умифеновир» ҳамда «Фавипиравир» дорилари умуман сотувда мавжуд эмаслиги, сотувда мавжуд бўлган «Азитромитсин» дориси ишлаб чиқарилган мамлакатига кўра нархида фарқланади. Мазкур дори воситаси 4 минг сўмдан 38 мингча сотилмоқда.
«Плаквенил», «Лопинавир/Ритонавир», «Ремдесивир», «Умифеновир» ҳамда «Фавипиравир» дорилари вилоят ҳудудидаги дорихоналарига сўнги уч ойдан бери сотувга олиб келинмаётганлиги аниқланди.
Республикамизнинг қолган ҳудудларида ҳам шунга ўхшаш жараён бўлиб, «Плаквенил», «Лопинавир/Ритонавир», «Ремдесивир», «Умифеновир» ҳамда «Фавипиравир» дорилари сотувда мавжуд эмас. Сўнги уч ойдан бери тарқатувчи корхоналар томонидан етказиб берилмаяпти.
«Азитромитсин» дори воситаси Навоий вилоятининг дорихоналарида 4 мингдан 12 минггача сотилаётганлиги, айрим дорихоналарда умуман қолмаганлиги кузатилди. Наманган вилояти ҳудудидаги дорихоналарда 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача, Сурхондарё вилоятида 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача, Сирдарё вилояти дорихоналарида 6 минг сўмдан 40 минг сўмгача, Фарғона вилоятининг дорихоналарида 4 мингдан 36 минггача, Хоразм вилоятида эса 4800 сўмдан 34000 сўмгача, Тошкент вилоятида 4500 сўмдан 40000 сўмгача, Тошкент шаҳрида 6 мингдан 35 мингча сотилаётганлиги аниқланди.
Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги «Голден Азия Фарм» корхонасига қарашли дорихонада «Плаквенил» дориси 234 минг сўмдан сотилаётганлиги кузатилди. Унинг захираси ҳам 40 дона қутидан иборат.
Федерация томонидан жамоатчилик назорати тартибида сovid 19 инфекциясини уй шароитида даволаш учун зарурий дори воситалар нарх-навоси доимий ўрганиб борилади ҳамда бу борада кенг жамоатчилик хабардор қилинади.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси Матбуот хизмати