Бу ҳақда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази бўлим бошлиғи Эльвира Свечникова фикрлари билан ўртоқлашади:

— Энг аввало, дори воситасини қўллаш йўриқномасини диққат билан ўқиб чиқиш ва унга қатъий амал қилиш ҳар доим жуда муҳим эканлигини тушуниб олиш лозим.

Турли дори воситалари кўпинча 2° дан 25°гача бўлган диапазон оралиғидаги ҳароратда сақланади. Бунда ҳарорат, намлик ва ёруғлик уларни сақлаш тартибида муҳим аҳамият касб этади.

Ҳамма дори воситасини совиткичда сақлаш нотўғри!

Хона ҳарорати одатда 15°-25°, шунингдек, иқлим шароитига қараб 30°С гача бўлган кўрсаткични назарда тутади. Бундай пайтда дори воситаларини тиббиёт қутичасида жамлаб, шкафда сақлашингиз мақсадга мувофиқ.

8°дан 15° градусгача бўлган салқин ҳароратда айрим дори воситаларини совиткичда сақлашга рухсат берилади!

Бунда 8°С паст ҳароратда физик-кимёвий хусусиятлари ўзгариши мумкин бўлган дори воситалари (дамламалар, суюқ экстрактлар ва бошқалар)ни совиткичда сақлаш мумкин эмас.

Дори воситаларини совуқ жойда сақлаш деганда совиткичда 2°C дан 8°С гача бўлган ҳароратда сақлаш тушунилади!

Бунда дори-дармонларни совиткич деворига яқин жойлаштириб, уларнинг музлаб қолишига йўл қўймаслик керак. Одатда шамчалар (свеча), турли кўз томчилари, линиментлар, инъекция эритмалари, фермент таблеткалари шу тарзда сақланади.

Совиткичнинг бир токчасида дори воситалари ва озиқ-овқатлар ёнма-ён туриши қатъиян ман этилади!

Дори-дармонларни сақлашда ёруғлик ва намликдан ҳимоя қилиш каби талабларга ҳам эътибор бериш керак. Агар кўрсатмада «қоронғу жойда сақланг» деб айтилган бўлса, унда сиз дори қадоғини ёруғликдан тўлиқ ҳимоя қилишингиз керак.

Қуруқ жойда ҳаво намлиги 50% дан ошмаслиги зарур!

Ёдда тутинг: тиббиёт қутичаси (аптечка) сув ва иситиш мосламалари яқинида бўлмаслиги керак. Шунингдек, дори воситаларини ишлаб чиқарувчи томонидан кўрсатилган муддатдан узоқроқ сақлаш мумкин эмас. Қадоқ очилгандан кейин одатда кўрсатмада ёзилган сақлаш муддати сезиларли даражада камайиши мумкин. Бундан ташқари, очилган препаратлар баъзан бошқа шароитларда сақланиши керак бўлади.

Бу борада мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.