Бозорларда икки хил тухум сотилади: арзонроғи “давлатники”, нархи бироз оширилгани эса “уй тухумлари”. Ва кўпчилик қиммат бўлса ҳам, “уй тухуми”ни танлайди. Лекин ҳажми, таъми ва вазни деярли бир хил бўлган маҳсулотнинг икки хил номланиб, турлича нархларда сотилиши ҳам аслида истеъмолчи ҳуқуқларининг бузилиши эмасми?
Барчамиз уйда боқилган товуқ тухумларини табиий маҳсулот сифатида қабул қилган ҳолда харид қиламиз. Хусусан, “уй тухуми” паррандачилик фермасидан олинган тухумларга нисбатан ростдан ҳам бир мунча харидоргир ва қимматроқ. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида Тошкент шаҳридаги битта савдо тармоғида одатдаги тухумдан қимматроқ бўлган “уй тухуми”нинг сотилиш ҳолатлари аниқланди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мутахассиси Умида Мансурованинг таъкидлашича, супермаркетда сотилаётган мазкур тухумнинг қадоқланган тарасида ишлаб чиқарувчи, саралаш вақти, сақлаш саналари ҳақида ҳамда “уй тухуми” эканлигини асословчи маълумотлар мавжуд эмас.
Тошкент шаҳар савдо тармоғининг бундай айёрона маркетинг ҳийласи истеъмолчини алдашга олиб келиши табиий, албатта. “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга кўра, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Амалдаги давлат стандарти (ЎР. O‘z DSt 629:2014) “Озиқ-овқат учун товуқ тухуми” бўйича: сақлаш муддатига кўра парҳез ва ошхона турларига бўлинади. Бундан келиб чиқадики, давлат стандартида “уй тухумлари” тушунчаси ва атамаси мавжуд эмас!
Агентлик томонидан савдо маркази маъмуриятига юқоридаги ҳолат бўйича сотилаётган маҳсулотнинг тури (уй, парҳез ва ошхона)ни тасдиқловчи (гигиеник хулоса, мувофиқлик сертификати) каби ҳужжатлар асосида ишлаб чиқарилган тухум маҳсулотлари ҳақида тўлиқ маълумотларни тақдим этиш талаби билан сўров юборилди. Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, агентлик “уй тухуми”нинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас, деган тахминга келган. Сабаби савдо тармоғи маъмурияти ушбу маҳсулотларни чакана савдо нуқталаридан тўлиқ олиб қўйилганлиги тўғрисида маълумот бериш билан чекланган, холос.