“Лисон ут тайр” га тишим ўтмас ҳайҳот, 
Мендан ноласин қизғанар ул “Муножот”.
Нечун сирин сўйламас девона Мажнун,
Ўз-ўзимни танимасдан қилдим фарёд: 
– Балки нафсин енголмаган бир қулдирман, 
Ҳазрат Навоийни билмас ғофилдирман.  

Кўҳна ғазал маржонларин тизолмайман,
Бироқ “Қаро кўзим” дан дил узолмайман. 
Менга йўлни кўрсатарми, қани Ҳудҳуд,  
Нечун ғафлат деворини бузолмайман...
Уммонларга талпинган бир соҳилдирман,
Ҳазрат Навоийни билмас ғофилдирман. 

Адам саҳросида чўккан кемадирман, 
Юлғунларга дардин айтган нағмадирман.
Фитрат, Чўлпон, Қодирийман, Авлонийман, 
Аламли бир куйдан тўлиб борадирман:
Не ғуссалар ютган бир азиз гилдирман,
Ҳазрат Навоийни билмас ғофилдирман.            

Ойбек домла кўзларида ёш эдим мен, 
Бўғзида қотган ул фарёд – тош эдим мен,
Порсо Шамс, Азиз Қаюм, Нажмиддин Комил
Сўзларидан юксалган Бардош эдим мен:
Хазинадан бехабар маҳзун гулдирман,
Ҳазрат Навоийни билмас ғофилдирман.  

Беш қитъанинг садоси бор “Хамса” йиғлар,
Эллар, тиллар, ирқлар тўзир,  қалбим тиғлар.
“Одами эрсанг...” Фарҳодни чорла, халқим,
Асл оби гавҳаринг топ, ўссин миллат!!!
Она тилим, сенингсиз қаро кулдирман,
Ҳазрат Навоийни билмас ғофилдирман.

Ҳушёр бўл, юртим, баҳоринг иси келур, 
Чучмомалар чайқалиб кулгуси келур, 
Уйғонинг, эй жадидлар, эй йигит-қизлар!
Олам бир садога эврилгуси келур: 
– Мен Ўзбекман, арслон юрак-ла келдим ман,      
Ҳазрат Навоийга ворис  ҳур элдирман!!!
Бадрлиғ тун, омонлиқ кун-ла тўлдим ман,  
Ҳазрат Навоийга ворис ҳур элдирман!!!

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА