Бугунги кунда мамлакатимизда интернет тармоғида ахборот тарқатиш ва маълумот излаш имкониятлари кенгаймоқда. Жумладан, Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчиларнинг сони 31 миллиондан ошган бўлиб, шундан 14 миллиони ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланмоқда.
Шу билан бирга, ҳуқуқбузарларнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари кун сайин ортиб бормоқда.
Хусусан, сўнгги олти йилда юртимизда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48 бараварга ошган. Ўтган йилда содир этилган фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи, ўғирлик жиноятларининг 76 фоизи кибермаконда содир этилган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 2 триллион сўмдан ошган.
Тақдимотда таъкидланганидек, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг кескин кўпайиб бораётгани миллий қонунчиликка шундай турдаги жиноятлар учун жазо чораларини оғирлаштириш ва кибержиноятларнинг янги шакллари учун жавобгарлик белгилаш бўйича нормаларни киритиш вақти келганини кўрсатмоқда. Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ҳамда кўплаб фуқароларга жабр келтираётган “молиявий пирамида” учун жазо чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.
Фуқароларнинг ўз номларига расмийлаштирилган электрон тўлов воситалари ҳамда абонент рақамлардан фойдаланишда шахсий масъулиятини ошириш мақсадида ўз номидаги электрон тўлов воситаси, криптоҳамёни, SIM-картаси ва электрон аккаунтлардан кибержиноятни содир этишда фойдаланилишига йўл қўйганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинди.
Таъкидлаш керакки, бугун муҳим аxборот инфратузилмаси объектларига қарши қаратилган киберҳужумлар натижасида катта салбий оқибатларга ва моддий зарар олиб келувчи киберҳужумлар глобал тус олиб, республикамизда ҳам кузатилмоқда. Бу эса юридик шахслар ўз тасарруфидаги ахборот тизимларининг хавфсизлигини бугунги кундаги замонавий таҳдидларга муносиб тарзда такомиллаштириб бориши ва киберхавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратишини тақозо этмоқда.
Шунга кўра, юридик шахслар томонидан ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун оқибат келиб чиққан-чиқмаганидан қатъи назар, маъмурий жавобгарликни белгилаш таклиф қилинди.
Ушбу амалиёт масофадан молиявий хизматларни кўрсатувчи банкларга ҳам тааллуқли бўлиб, улар ҳам ўз тизимларида фирибгарликларнинг олдини олиш бўйича ҳимоя ва хавфсизлик чораларини мунтазам такомиллаштириб бориш заруратини юзага келтирмоқда.
Хусусан, ўтган йилларда 3 та банк тизимидаги заифлик туфайли 3025 нафар мижозга 17 миллиард сўм моддий зарар етказилган.
Шу нуқтаи назаридан, тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида содир этилган кибержиноят оқибатида юзага келган моддий зарар учун жавобгар бўлишини қонунан мустаҳкамлаш ташаббуси илгари сурилди.
Тақдимотда уюшган жиноятчиликнинг содир этиш шакл ва услублари янгиланиб бораётгани кўрсатиб ўтилди.
Уюшган гуруҳлар томонидан жамиятда юриш-туриш қоидаларини очиқчасига менсимасдан, ўзини қонундан устун қўйиб, безорилик жиноятларини содир этганлиги ёки безорилик жиноятининг оғир шаклларидан бири – ўқотар қуролни намойиш қилиб ёки уни қўллаб ҳамда такроран содир этганлиги, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатган ҳолда содир этилганлик учун жазо чоралари бугунги кунда етарли таъсир кучига эга эмаслиги таъкидланди.
Шунингдек, сўнгги вақтларда жанговар (аралаш) спорт турлари бўйича яширин равишда ноқонуний жанглар ташкил қилиниб, уларда ёшларнинг иштирок этаётгани кузатилмоқда. Бироқ бугунги кунда бунинг учун жавобгарлик чоралари мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, қонун ҳужжатларига мана шундай хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга қарши аёвсиз курашиш, бундай иллатни таг-томири билан йўқотишга қаратилган нормаларни киритиш вақти келгани таъкидланди.
Оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни содир этиш мақсадида жиноий уюшма ташкил этганлик, уни молиялаштирганлик, улар томонидан содир этилган жиноятларни яширишга ҳомийлик қилганлик, жанговар спорт турлари бўйича мусобақаларни ноқонуний ташкил этганлик ва ўтказганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи, безорилик жинояти учун жазо чоралари кучайтиришни назарда тутувчи, шунингдек, қонунга зид равишда ташкил этилган жанговар спорт турлари бўйича мусобақаларда иштирок этганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи нормалар киритиш таклиф этилди.
Муҳокама қилинган йўналишлар бўйича ишлаб чиқилган ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ҳамда уюшган ва жамоат жойларидаги жиноятчиликка қарши курашишнинг жиноий-ҳуқуқий механизмларини янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳалари тақдимот қилинди.
Президентимиз таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.