“O'zavtosanoat” АЖ тизимидаги энг йирик корхона ҳисобланган – “UzAuto Motors” АЖ Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан жалб этилган 170 нафар мутахассис билан ҳамкорликда Асака шаҳридаги заводининг ишлаб чиқариш линияларини режали модернизация қилишни йўлга қўймоқда, дея хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш ҳамда конвейерларнинг ишдан чиқишини олдини олиш мақсадида корхонада техник ишлар олиб борилиши натижасида ишлаб чиқариш линияларининг ишлаши вақтинча тўхтатилади.

“Модернизация “Chevrolet Cobalt” автомобилларининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини қўшимча 30 минг донага ошириш имконини беради. Модернизация режасига асосан янги ускуналардаги носозликларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш линияларига техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, завод инфраструктурасини янгилаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бажарилади.

Хусусан, модернизация режаси доирасида Пресслаш цехида янги “FANUS” (Япония) роботлаштирилган тизиминининг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ҳамда ишга тушириш ишлари олиб борилади. Бўёқлаш цехида амалга ошириладиган модернизация ишлари эса конвейер рельсларини алмаштириш, цехдаги роботлаштирилган тизимларга техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, бўяш жараёнида ишловчи барча тизимларни синовдан ўтказишни ўз ичига олади.

Йиғув цехининг иккита линиясида ҳам ишлаб чиқариш тезлигини ошириш имконини берувчи кенг кўламли ишлар амалга оширилади яъни биринчи линияда ишлаб чиқариш тезлиги 35 JPH’га (соатига автомобиллар), иккинчи линияда бу кўрсаткич 30 JPH’га етказиш имконияти яратилади. Шунингдек, эслатиб ўтамиз мазкур ишлар режалаштирилган ва истеъмолчиларга автомобилларни етказиб бериш жадвалига таъсир қилмайди”, — дейилади хабарда.