Маълум қилинишича, фуқаро А.Назаров ва “G‘ijduvon Avtotexxizmat” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан умумий суммаси 398 миллион сўм бўлган автомашинани харид қилгани, шартномада кўрсатилганидек, автомобиль 7500 километр юргандан сўнг мойини алмаштириш мақсадида “Buxoroavtotexxizmat”га мурожат қилгани, усталар машинани кўздан кечириш пайтида унда дефект борлигини маълум қилган.

Истеъмолчи ҳолат юзасидан бир неча маротаба “G‘ijduvon Avtotexxizmat” МЧЖга мурожаат қилган, корхона кафолат муҳандиси носоз деталлни 3 ойда олиб келиб беришини айтиб ўтган бўлса-да, орадан қарийб 1 йил вақт ўтганига қарамасдан муаммо ечимсиз қолган.

Шундан сўнг Федерация ходимлари томонидан Бухоро туманлараро судига даъво ариза киритилди. Суд қарорига асосан “Uzavto Motors” АЖдан истеъмолчи фойдасига 199 миллион сўм моддий ва 10 миллион сўм маънавий зарар, қолаверса, давлат фойдасига 14 миллион 768 минг 800 сўм маблағ ундирилди.