“Qanot Sharq” хусусий авиакомпанияси вакиллари “Uzbekistan Airports” АЖ Ахборот хизматига АҚШнинг “Air Lease Corporation” ташкилотидан узоқ муддатли лизинг асосида Airbus A320−200 русумли 2 та самолётни фойдаланиш учун олганини маълум қилди. Маълумки, “Air Lease Corporation” компанияси дунё авиация соҳасида ҳаво кемаларини ижарага бериш борасида етакчи саналади, қароргоҳи АҚШнинг Колифорния штатида жойлашган.

Ўзбекистонда илк хусусий авиакомпания саналган “Qanot Sharq” тасарруфидаги самолётларини жорий йил март ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистонга келтириш ва парвозларини йўлга қўйишни мўлжаллаган. Парвозлар режасига кўра, ҳудудий аэропортларимиздан Истанбул, Анқара (Туркия), Дубай (БАА), Жидда, Мадина (Саудия Арабистони), Москва, Санкт-Петербург (Россия Федерацияси) и Олмата (Қозоғистон) каби шаҳарларга ҳаво йўналишлари йўлга қўйилади.

“Uzbekistan Airports” АЖ янги шериклар билан жаҳон стандартларига мувофиқ иш олиб боришга тайёр. Жумладан фуқаро ҳамда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳаво кемаларига сифатли хизмат кўрсатиш масаласи биринчи навбатдаги вазифа ҳисобланади. Зеро, мамлакатимиз авиаташув соҳасида авиакомпаниялар сонининг ортиши ҳисобига соғлом рақобатни шакллантириш, йўловчиларга тақдим этиладиган қулайликлар кўламини кенгайтириш, Ўзбекистон ҳаво дарвозаларидан келувчилар, яъни сайёҳлар оқимини кучайтириш эса доимий мақсад бўлиб қолаверади.

“Uzbekistan Airports” АЖ Ахборот хизмати