“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в.в.б. Жавлонбек Умархўджаев ва KAC президенти Ёон Ҳюнг-Жоонг ҳамкорликнинг бир қанча йўналишларини ўз ичига олган англашув меморандумини имзолади. Асосий йўналиш Ўзбекистонда аэропорт ходимлари учун авиация соҳасида тайёрлаш марказини яратиш бўйича қўшма лойиҳа бўлди. Марказ КАC инновацион тажрибаси асосида ташкил этилиб, Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) молиялаштириш ва уни замонавий ускуналар билан жиҳозлашни назарда тутувчи грант кўмагида қурилади.
Ҳужжат, шунингдек, аэропортларни бошқариш соҳасида ахборот ва тажриба алмашиш, лойиҳалар ва бизнес ташаббуслар бўйича экспертлар алмашинуви, авиация соҳасида қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, аэропортларни самарали бошқариш учун кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни ўз ичига олади.
“КАC билан ҳамкорликнинг асосий таркибий қисми Ўзбекистон аэропортлари қошида (KOICA) гранти кўмагида Авиация ўқув марказини ташкил этишдан иборат. Бугунги кунда Ўзбекистон аэропортларида 8 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда ва ишчиларнинг малакасини ошириш аэропорт фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бундай марказни ташкил этиш илғор жаҳон тажрибасига мувофиқ технологик имкониятлар ва операцион стандартларни доимий равишда такомиллаштириш учун зарур. Бундан ташқари, “Uzbekistan Airports” АЖ авиация соҳасида меҳнат қилаётган кадрларни тайёрлашга илғор методология ва амалиётларни жорий этиш бўйича КАC билан яқиндан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда”, — деди “Uzbekistan Airports”компанияси раҳбари Жавлонбек Умархўжаев.
Ташриф давомида делегация Сеул ва Чонжу шаҳарларидаги КАC авиация ўқув марказларида бўлиб, у ерда кадрлар тайёрлашнинг илғор усуллари билан танишди. Бундан ташқари, “Uzbekistan Airports” вакиллари Kimpxo халқаро аэропорти (Сеул) иши билан танишди ва Incheon халқаро аэропортининг авиация академиясига ташриф буюрди. Шунингдек, "JEJU Air" авиакомпанияси билан истиқболли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.