У ўз ичига Марказий ишлаб чиқариш —диспетчерлик хизмати, Аэронавигация парвозларини қўллаб-қувватлаш хизмати ва бошқа бўлинмаларни олган.  Қисқа қилиб айтганда, ушбу марказ авиакомпаниянинг жорий фаолиятини тезкор бошқариш, юзага келадиган ҳар қандай муаммоларни ҳал қилиш имконини берувич муҳим тузилма ҳисобланади.   Бу ерда ўта муҳим маълумотлар жамланган бўлиб, исталган вақтда ҳаво кемалари паркининг жойлашуви, уларнинг техник ҳолати, парвозга тайёрлик даражаси ва ҳаттоки парвоздаги йўловчилар ҳақида тўлиқ маълумот олиш имкони мавжуд.  

Марказни модернизация қилиш режаси илғор жаҳон тажрибасини таҳлил қилиб ўрганиб чиққандан сўнг амалга оширила бошланди. Авиакомпания мутахассислари Европа, Россия ва Туркиядаги шу каби марказларга ташриф буюришди. Марказ фаолиятида ходимларни ўқитиш ва янги дастурий маҳсулотларни жорий этишга эътибор қаратилди.

“Uzbekistan Airways”  бу жараёнга энг сўнгги технологияларни жорий этди ва Boeing компаниясининг дастурий таъминотига ўтишни амалга оширди. Ушбу ечим парвоз ҳақидаги барча маълумотларни бирлаштиришга ва уни парвозга тайёрланаётган учувчининг планшетига электрон тарзда юборишга ёрдам берди. Телекоммуникация ечимлари мутлақо янги маҳсулотни яратган француз ишлаб чиқарувчиси — SITA компаниясидан харид қилинди. Бу эса авиакомпаниянинг барча ҳаво кемаларининг ҳозирги ҳолатини кузатиш, парвоздаги метеорологик вазиятни таҳлил қилиш ва дунёнинг исталган нуқтасида борт компьютери орқали экипажлар билан алоқада бўлиш имконини беради.  

 Парвозларни бошқариш маркази авиакомпаниянинг парвозлар мунтазамлиги имкон қадар юқори бўлишини ва парвозлар кечикиши билан боғлиқ омилларни минималлаштириш устида ишламоқда. “Uzbekistan Airways”   авиапарки тўлиқ модернизация қилинди ва янги ҳаво кемалари билан тўлдирилишда давом этмоқда. Бу парвозларни режалаштириш, ҳаво кемаларини йўналишларга тўғри тақсимлаш, ҳаво кемалари захирасини шакллантириш самарадорлигини оширади ва шу орқали йўловчи ташишга бўлган эҳтиёжини таъминлашга имкон беради.

—2020 йилда пандемия туфайли чекланган йўналишлар тармоғини сезиларли даражада тиклашни бошладик, —  дейди “Uzbekistan Airways” АЖ бошқаруви раиси Шуҳрат Худайкулов,  — Бугунги кунга қадар нафақат деярли барча рейсларни тикланди, балки бир қатор янги йўналишлар очилди. Шу билан бирга, бизнинг асосий вазифамиз, устуворлигимиз доимо парвозлар хавфсизлиги бўлиб қолади. Парвозларни бошқариш маркази бунга хизмат қилади.