«Uzbekistan GTL» мажмуасида ўтган йил июнь ойидан бошлаб синтетик суюқ ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бўлиб, Республика товар хом-ашё биржаси орқали истеъмолчиларга ҳар куни биржа савдолари орқали етказиляпти.

Айни пайтда «Uzbekistan GTL» заводи тўлиқ иш режимига ўтказилиб, ишлаб чиқариш ҳажми босқичма-босқич ошириляпти, шу жумладан 2022 йил ноябрь ойида заводнинг иккинчи навбати ишга туширилиши ҳисобига тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилиши режалаштирилган. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали маҳсулот таннархини пасайишига эришиляпти.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 29 августдан синтетик дизелнинг 1 тоннаси учун бошланғич нархи 15 550 500 сўмдан 14 504 378 сўмга, 13 сентябрдан 14 504 378 сўмдан 13 897 110 сўмга, 31 октябрдан 13 897 110 сўмдан 12 998 420 сўмга арзонлаштирилган эди.

Маълумот учун: «Uzbekistan GTL» ёқилғиси Швейцариянинг «SGS» гуруҳининг Бельгия, Эстония ва Франциядаги сертификатланган марказларида синовдан ўтказилган, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.

GTL дизели «Евро-4» ва ундан юқори бўлган ёнилғида ишлайдиган енгил автомобиллар ва юк машиналари, шунингдек, маҳаллий ва хорижда ишлаб чиқарилган габарит ва махсус дизель ёнилғига мўлжалланган транспорт воситалари учун мос келади.