Узлуксиз касбий ривожланиш тизимига ўтиш кўп минг сонли халқ таълими ходимларининг барчасини ҳар йили малака оширишга жалб қилишни ва бунда уларнинг касбий эҳтиёжларидан келиб чиқиб ўқувларни ташкил этишни кўзда тутади. Эҳтиёжларга асосланган малака оширишни эса фақатгина интеллектуал дастурий воситалар ёрдамида амалга ошириш мумкин. Шунинг учун ҳам институтимиз томонидан “Узлуксиз касбий таълим”махсус электрон платформаси ишлаб чиқилди.
Мазкур платформадан фойдаланган ҳолда 2021 йил март ойидан бошлаб, Халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизими амалда жорий этилди.
Мазкур платформада рўйхатдан ўтган педагог малака ошириш курсларининг диагностика тестини ечишдан бошлайди. Бу билан унинг касбий бўшлиқлари аниқланиб, тингловчининг индивидуал касбий ривожланиш траекторияси шакллантирилади ва мазкур траекторияга мос равишда тақдим этилган ўқув модулларини ўзлаштириш орқали педагог малакаси оширилади.
Малака ошириш дастури нисбатан мустақил ўқув модулларидан иборат бўлиб, уларни яратишда илк бор хорижий ва маҳаллий хусусий сектор вакиллари жалб этилди. Тайёрланган ўқув модуллари электрон платформага жойлаштирилди. Бугунги кунгача 4520 дақиқалик 291 та видеокурслар яратилди. 2021 йил давомида умумий 95 483 нафар халқ таълим ходимлари (фан методистлари, мактаб директорлари, кимё ва биология фани ҳамда бошланғич синф ўқитувчилари) ўз эҳтиёжлари асосида малакаларини оширди.
“Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформаси халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожланишини ташкил этишда катта имкониятларни тақдим этади.
Эндиликда халқ таълими ходимлари ишдан ва оиладан ажралмаган ҳолда, касбий эҳтиёжига кўра, ўзи истаган жойда ва истаган вақтда малака оширишлари мумкин. Беш юз мингдан ортиқ халқ таълими ходимларининг малака оширишини қаерда ва қачон амалга ошириш ишларини ташкил қилиш ҳам мазкур электрон платформа зиммасига юклатилади. Бунда ҳар бир халқ таълими ходими жорий календарь йили охирида қаерда ва қандай шаклда малака оширишни хоҳлаётгани ҳақидаги маълумотларни платформага мустақил киритади, платформа эса барча талабларни умумлаштирган ҳолда тизим ходимларининг навбатдаги календарь йилида касбий ривожланишини ташкил этишнинг ҳудудлар ва малака ошириш ташкилотлари кесимидаги режасини шакллантириб беради. Мазкур режадан келиб чиқиб, халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожланиш жараёнлари мониторинг қилинади. Малака ошириш натижасида белгиланган кредитларни тўплаган ходимга платформа томонидан малака оширганлик тўғрисидаги сертификат автоматлаштирилган шаклда шакллантирилади ва тақдим этилади.
Албатта, узлуксиз касбий таълим платформаси орқали малака ошириш касбий ривоожланишни ташкил этишнинг ягона шакли эмас, ишдан ажралган ҳолда бевосита малака ошириш таълим муассасаларида анъанавий тарзда ёки ишдан ажралмаган ҳолда (ўқувчилар таътиллари, ўқитувчиларнинг методика кунлари ва дарсдан бўш вақтларида) ташкил қилинган малака ошириш курсларида ўқиш имкониятлари ҳам сақлаб қолинган. Ушбу малака ошириш курслари ҳам 30–36 соатлик дастурлар асосида ташкил этилиб, белгиланган кредитларни тўплаган ходимларга малака оширганлик тўғрисидаги сертификатлар тақдим этилади. Мазкур сертификатларни ҳам шакллантириш ва ходимларга тақдим этиш электрон платформа орқали амалга оширилади.
Узлуксиз касбий ривожланиш тизимини жорий қилиш ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлика асосланади
Узлуксиз касбий ривожланиш тизимини жорий этишни институтимиз ва тизимда фаолият кўрсатаётган 14 та малака ошириш ҳудудий марказларининг биргаликдаги фаолиятисиз амалга ошириб бўлмайди. Юқорида қайд этилган меъёрий ҳужжатларда институтимизга бош таълим муассасаси сифатида барча ҳудудий марказларнинг ўқув, методик ва илмий фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган. Мазкур вазифалар ижроси юзасидан узлуксиз касбий ривожланишни ташкил этиш бўйича ҳудудий марказларнинг фаолияти мувофиқлаштирилди ва натижада 27 йўналишда халқ таълими ходимларини малакасини ошириш курсларининг ўқув режа ва дастурлари қайта ишлаб чиқилди, анъанавий ва онлайн тарзда ташкил этиладиган курсларнинг ўқув-методик таъминоти тўла янгиланди. Шунингдек, янгиланган ўқув режа ва дастурлари асосида платформада ташкил этиладиган малака ошириш курсларининг видеоконтентлари тайёрланди. Ҳудудий марказлар профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий-салоҳиятини ошириш мақсадида институтда ташкил этилган мақсадли докторантурада улар учун илмий даражали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилди.
Албатта, янги тизимнинг жорий этилиши, хусусан ходимларнинг “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформасида малака оширишлари кўплаб саволларни келтириб чиқариши мумкин. Мазкур саволлар ва мурожаатларга ўз вақтида жавоб бериш мақсадида институтда 7/24 тамойили асосида яъни ҳафтада 7 кун 24 соат давомида ишлайдиган техник кўмак гуруҳларининг фаолияти йўлга қўйилди.
Аюбхон РАДЖИЕВ,
Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш
ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот
институти раҳбари