Бугунги кунда ҳар бир соҳада замонавий технологиялар дунёни жадал равишда ўзгартириб келмоқда, бунинг оқибатида компаниялар ва ташкилотлар ўз фаолиятларида илғор технологияларни қўллашларига тўғри келмоқда. “Ўзбекистон почтаси” AЖ компанияси ҳам янгиланиш жараёнига яъни ребрендингнинг биринчи босқичига старт берди. Компания ““Uzpost” — янги ном, янги логотип ва янги ранглар палитраси билан мижозларга хизмат кўрсатишнинг янги имкониятларини яратмоқда.
Янги ранглар “олов ранг” ва “тўқ кўк” — илиқлик, қувонч, энергия, меҳрибонлик, ишончлилик ва профессионализм рамзини ифодалайди.
Янги логотипда акс эттирилган ҳумо қуши эса, доимий ҳаракат, логистика ва ““Uzpost”нинг динамик ривожланишини билдиради. Логотип қанотида почта йўлларининг рамзи бўлган учта чизиқни кўриш мумкин, бош томондаги “тасдиқ” белгиси эса муваффақиятли етказиб берилган почта ва бажарилган вазифаларни англатади.
2021-йилнинг охирига қадар тўлиқ ишга тушириладиган ушбу янги тизим муҳим ўзгаришлардан биридир. Бу тизим жараёнларни оптимизация қилишга, почта жўнатмаларини расмийлаштириш босқичларини қисқартиришга ёрдам беради. Эндиликда “Ўзбекистон почтаси” мижозлари ўз уйларидан чиқмасдан туриб ўз жўнатмаларини веб сайт, мобил илова ёки телеграм бот орқали расмийлаштиришлари мумкин. IT код олган мижоз ўзига яқин почта бўлимига келади ва уни кўрсатган ҳолда, оператор мижоз томонидан олдинроқ киритилган маълумотлар билан тизим орқали танишиб, жўнатмани расмийлаштиради.
Шунингдек, олдинлари “Ўзбекистон почтаси” мижозлари ўз жўнатмалари қаерда эканлиги ҳақида маълумотга эга бўлишмаган бўлса, эндиликда янги тизим орқали улар онлайн тарзда ўзларининг жўнатмаларини кузатиб боришлари мумкин. Ушбу ўзгариш нафақат почта мижозларига, балки компаниянинг ўзига ҳам ёрдам беради. Чунки, почта жўнатмаларнинг қайси босқичларида энг узоқ узилишлар ёки кутишлар кузатилиши ҳақида ишончли маълумотларга эга бўлади. Ушбу маълумотлар асосида компания жойлардаги муаммоларни аниқ ҳал қилишга муваффақ бўлади.
Таъкидлаш лозим, “Ўзбекистон почтаси” AЖ автопарки ва инфратузилмаси ҳам янгиланиб, компания томонидан 27 та Дамас, 75 та кичик Гадди, 4 та катта ИСУЗУ ва иккита юк ортувчи Газел автотранспортлари ҳамда 417 та электроскутер ва 200 та велосипед харид қилинди. Шунингдек, 15 фоиз почта бўлинмалари қайта таъмирланди ва қолган барча бўлинмалар ҳам босқичма-босқич равишда таъмирланмоқда. Почта бўлинмаларига янги компьютер, тўловни қабул қилишнинг мобил қурилмалари тақдим этилди. Янги форматдаги ва янги дизайндаги пилот бўлинмалар очилди, келгусида уларнинг андозаси бўйича мамлакат бўйлаб барча почта бўлинмалари янгиланади. Шунингдек, компания автоматлаштирилган мажмуалар — почтоматларни ҳам жорий қилди. Улар орқали мижозлар ўз жўнатмаларини ўзлари олишлари мумкин бўлади. Бугунга келиб республика бўйлаб 30 та почтомат ўрнатилган.
Ўзбекистон бўйлаб 900 дан ортиқ почта бўлинмаларида кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 34 тага етказилди. Кейинги йил бошида “Ўзбекистон почтаси” AЖ томонидан Тошкент, Бухоро, Хоразм ва Aсака шаҳарларида 4 та фулфилмент марказлари ишга туширилади. 2025-йилгача мамлакат бўйлаб автоматлаштирилган фулфилмент марказлари сони 30 тагача етказилиши режалаштирилган.
Ребрендинг доирасида компания шунингдек ўзининг савдо платформасини ҳам ишга туширди. “Unisavdo” деб ном олган ушбу платформа Android va iOS тизимлари учун мобил иловалари 2021-йилнинг май ойида тақдим этилган бўлиб, 300 дан ортиқ тадбиркорлар “Unisavdo”да ўз маҳсулотларини жойлаштириш учун шартнома имзолашди. Бугунги кунга келиб платформада 14 000 дан ортиқ маҳсулот жойлаштирилган ва улар республика бўйлаб етказиб берилмоқда.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон почтаси” AЖ тўловларни қабул қилишнинг пул ўтказмаларини амалга оширишнинг янги тизими — “Aввал”ни ишга туширди. “Aввал” тизими почта томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлар учун тўловни амалга оширадиган ягона марказлашган дастур бўлиб, ушбу тизим ёрдамида мижозлар 100 дан ортиқ хизматлар учун тўловни амалга оширишлари мумкин бўлади.