Жорий йил 21-22 август кунлари Туризм қўмитаси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Паркент туманининг Заркент қишлоғида “Узум сайли — 2026” халқаро фестивали бўлиб ўтди. Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад сайёҳлар оқимини ошириш, узумчилик ва виночилик йўналишида тажриба алмашиш, экотуризм маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш ҳамда хориж сармоясини мамлакатимизга жалб қилишдан иборат. Фестивалда республиканинг барча вилоятидан фермер хўжаликлари, этнотуризм йўналишидаги тадбиркорлар ва турли табиий ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари иштирок этди.

Президентимизнинг 2025 йил 24 июлдаги “Тошкент вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тўртинчи марта ўтказилаётган мазкур фестиваль ўзбек узумчилигининг бой тарихи, бугунги салоҳияти ва келгуси истиқболларини ўзида мужассам этган нуфузли халқаро майдонга айланиб бормоқда.

* * *

Бу йилги фестивалда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, экспертлар, соҳа мутахассислари, тадбиркорлар ҳамда йирик виночилик корхоналари вакиллари иштирок этди.

Тадбир дастуридан илмий-амалий конференциялар, бизнес-семинарлар ва маҳорат дарслари ҳам ўрин олди. Уларда узум ­етиштириш самарадорлигини ошириш, янги навларни жорий этиш, замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитига татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Хорижлик ва маҳаллий мутахассислар соҳага оид илғор тажрибаси билан ўртоқлашди.

— Тошкент вилоятида узумчиликнинг бой ва ўзига хос тарихи бор, — дейди Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Хуршид Қорабоев. — Сўнгги йилларда вилоятимизда узумчиликни замонавий асосда ривожлантириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва экспортбоп навларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, жорий йилда илк бор данаксиз “Аватар” узум нави етиштирилиб, дастлабки ҳосил олинди. Мутахассислар унинг экспорт салоҳияти юқори эканини таъкидламоқда. Ҳозир вилоятда етиштирилаётган узумнинг 50 минг тоннадан ортиқ қисми 15 давлатга, вино маҳсулотлари эса 12 давлатга экспорт қилинмоқда. Келгуси икки йилда вилоятда яна 12 минг гектар юқори ҳосилдор узум плантацияларини барпо этиш режалаштирилган. Натижада узумзорлар майдони 49 минг гектарга, ялпи ҳосил эса 520 минг тоннага етказилиши кўзда тутилмоқда. Бу кўрсаткичлар узумчиликнинг ҳудуд иқтисодиётидаги ўрни тобора ортиб бораётганини, тармоқда экспортбоп маҳсулот етиштириш ва янги иш ўринлари очиш имкониятлари кенгаяётганини кўрсатади.

Мамлакатимизда етиштирилаётган 30 га яқин хўраки ва мусалласбоп узум навларининг 13 таси Тошкент вилоятида яратилгани ҳудудда узумчилик ва селекция мактаби ­қанчалик мустаҳкам шаклланганидан далолат беради.

Машҳур узумчи-селекционер Ризамат ота Мусомуҳаммедов қарийб 15 йиллик изланиш ва тадқиқотлари натижасида маҳаллий иқлим шароитига мос, серҳосил узум навини яратган.

— Ҳозир 1 гектар 30 сотих майдонда узумнинг турли навларини Самарқанд ва ­водий вилоятларидан олиб келиб, етиштиряпмиз. Майдонларимиз лалми ердан иборат. Қишда қор, баҳорда ёмғир сувидан унумли фойдаланиб, токзорни парваришлаймиз, — дейди заркентлик уста деҳқон Алимардон Деҳқонов. — Ўтган йилги сайилда 15 миллион сўмлик узум сотдик. Бу йил ҳам ҳосил мўл, харидор кўп. Меҳнатнинг ортидан фарзандларимизни ўқитдик, уй-жойлар қурдик, тўйлар қилдик. Узумнинг баракаси бор.

Заркентдаги халқаро узум сайли нафақат ҳосил байрами, балки ҳалол меҳнат улуғланаётган, деҳқоннинг ризқи ва баракаси намоён бўлаётган файзли айём ҳамдир. Ҳар бир харидор дастурхонига бир бош узум билан бирга Заркент деҳқонининг меҳнати, машаққати ва меҳр-оқибатидан ҳам олиб кетгандек бўлади.

— Биринчи марта иштирок этаётган бўлсам ҳам бу тадбир менда катта таассурот қолдирди, — дейди хитойлик Ян Жун. — Мен яшайдиган Синьцзян вилоятида ҳам узумнинг турли ажойиб навлари етиштирилади. Аммо Ўзбекистон узумларининг таъми ва кўриниши ўзига хос эканини ҳис қилдим. Бу сафаримиз давомида ўзбекистонлик ва хитойлик узум етиштирувчилар ўртасида тажриба алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича режаларни ҳам белгилаб олдик.

* * * 

Паркент бугун нафақат узум етиштирувчи ҳудуд, балки миллий деҳқончилик анъаналари, илм-фан, инновация, экспорт ва туризм манфаатлари бирлашган ўзига хос тажриба мактаби сифатида ҳам намоён бўлмоқда.

21-22 август кунлари Паркентда бўлиб ўтган узум сайли қадимий деҳқончилик анъаналарининг замонавий тараққиёт билан уйғунлашаётганини яққол намоён этди. Икки кун давом этган халқаро фестивалда қишлоқ хўжалиги ярмаркалари, вино саноатининг халқаро бренд компаниялари кўргазмалари, узумчилик йўналишидаги халқаро конференция ва анжуманлар юқори савияда ташкил этилди.

Фестиваль доирасида миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни кенг тарғиб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Фольклор жамоалари, эстрада хонандаларининг чиқишлари йиғилганларга манзур бўлди. Меҳмонлар учун ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, миллий таомлар ва либослар намойиши, ҳудудларнинг ўзига хос анъана ва урф-одатларини акс эттирувчи кенг кўламли маданий дастурлар ўрин олди.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири