Узумчилик халқимизнинг боғдорчилик анъанаси сифатида жуда қадимдан мавжуд. Тарихий манбаларда бу ҳақда кўплаб маълумотлар учрайди. Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино асарларида узумнинг шифобахш хусусиятлари ҳақида сўз борса, Хитойнинг милоддан аввалги II-I асрларга мансуб “Шижи” солномасида юртимиз ҳудудида яшаган ўтроқ аҳоли узумчилик билан шуғулланиши, ҳар бир хонадонда узум етиштирилиши, унинг шарбати ва шинниси турли ҳажмдаги хумларда қишга сақлаб қўйилиши ҳақида ҳикоя қилинади.
Илм-фан тараққий этган бугунги кунга келиб, дунёда замонавий узумчилик ва виночилик саноати ҳам мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Ушбу соҳани замонавийлаштириш ва унга инновацияларни жорий этишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Бугун қўлланаётган узум навларидан уларни парваришлаш, мева етиштириш, йиғиштириб олиш ва қайта ишлаш технологияларигача бўлган тизим тубдан янгиланади. Соҳа равнақи борасидаги муносабат ва тушунчаларимизни қайта кўриб чиқиб, тармоқ бугунги кун талабларига мос ҳолда янги босқичга кўтарилади.
Дарҳақиқат, дунёда мавжуд ҳосилдор ва тезпишар узум навлари селекцияси шиддатли кечяпти. Жаҳон узумшунослик фани генетика ва селекция фанлари билан ҳамкорликда бу ажойиб неъматнинг турли иқлимларга мослаштирилган, касалликларга чидамли ўнлаб янги навларини тақдим қилган.
Масалага илм-фан нуқтаи назаридан қарасак, дунё узумшунослик реестридан ўрин олган навларнинг барчаси худди инсон “бармоқ излари” каби ўзининг генлар тўпламига эга. Деярли барча таниқли навларнинг ДНК баркодлари яратилган бўлиб, дунё маълумотлар базасида рўйхатдан ўтказиш тизими мавжуд. Шу сабабли маҳаллий ва қадимий ток навларининг ҳамда хориждан келтирилаётган навларнинг юртимиз иқлимига, олдимизга қўйилган мақсадларга қай даражада мослиги билан бирга, ҳар бир ток турининг интеллектуал мулк деб ҳисобланишига ҳам эътибор қаратиш зарур. Бу, ўз навбатида, нафақат ўз навларимизни ҳимоя қилиш, балки хорижий навлардан боғ-роғ яратиб, етиштирилган маҳсулотни жаҳон бозорига етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Геномика ва биоинформатика марказида молекуляр ДНК маркерлар ёрдамида илк бор Марказий Осиёдаги 150 дан ортиқ узум навининг генетик паспорти яратилди. Европа комиссиясининг 1994 йил 20 июнда қабул қилинган амалдаги GENRES 081 стандарти бўйича Марказий Осиё узум навларининг маълумотлар базаси шакллантирилди. Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги буюртмасига кўра, узумнинг ҳозир кенг экилиб парваришланаётган 135 дан ортиқ маҳаллий навининг генетик паспорти яратилмоқда. Германиялик ҳамкорлар билан бирга узум геномининг генетик хариталари тузилиб, касалликка чидамлилик генларига генетик бириккан молекуляр маркерлар аниқланди. Улар асосида биринчи марта узум селекциясини икки баробар тезлаштирадиган, маркерларга асосланган селекция платформаси яратилиб, амалиётда кенг қўлланмоқда.
Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан узумнинг қатор маҳаллий ва қадимий навлари, жумладан, истиқболли саккизта нави — шардоне, пино-гри, совинён, каберне, дюбре де марсел, пуке, қизил мальвазия, алфонс лавале навлари In vitro усулида кўпайтирилди. Саноатбоп узумнинг 8 нави учун импорт ўрнини босувчи махсус сунъий озуқа муҳити тузиб чиқилди ва улар самарали равишда In vitro усулида яратилди. Экспорт салоҳияти юқори бўлган маҳаллий хўраки узум навларининг уруғсиз муқобилларини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Бундай навга хос In vitro озуқа муҳити Қишлоқ хўжалиги вазирлиги лабораторияларида ва қатор хусусий маҳаллий компанияларда ҳам яратилмоқда. Асосий мақсад, мамлакатимиздаги эскирган ва деярли ҳосил бермай қўйган токзорларни янгилаб олиш ва ҳосилдорликни тиклашдир.
Хатирчи туманида Амир Темур давридан буён етиштириб келинаётган, энг қадимий оқдум ва оммалашган қизилдум узум навлари In vitro шароитида қайта тозаланиб, янги соғлом кўчатлар олишга киришилди. Генетик таҳлиллар ва молекуляр паспортлаш ишлари олиб борилди. Натижада оқдум қизилдумга нисбатан қадимий нав экани аниқланди. Қисқа муддатда бу икки нав учун янги озуқа муҳити яратилиб, махсус ўстириш ва клонлаш ёрдамида вирус ва бошқа инфекциялардан тозаланиб, соғломлаштирилди. Аҳамиятли жиҳати, улар юртимиз шароитида замонавий In vitro усулида олинган ва фермернинг бир гектар даласига етиб борган илк ниҳоллар ҳисобланади. Ҳозир улар тўлиқ мевага кирди ва юқори ҳосилдорликни намоён этмоқда. Эндиги вазифа эса қаламчалаш усули билан бу кўчатлардан бир неча юз минглаб ниҳол тайёрлаб экиш ва токзорларни янгилашдир.
Бу қадимий навлар бошқа ҳудудларга ҳам тарқатилмоқда. Хусусан, Наманган вилояти Чуст туманини инновацион ҳудудга айлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури доирасида тумандаги “Янги томорқа хизмати” фермер хўжалигининг бир гектар ерига In vitro усулида олинган оқдум ва қизилдум навлари кўчатлари экилган. Келгусида қаламча усулида кўпайтирилиб, тайёр бўлган ниҳоллардан янги узумзорлар ташкил этилади.
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ҳам шундай кўчатзор ташкил қилинмоқда. Мазкур ҳудуддаги 5 минг гектар узумзорни янгилаш ҳақида топшириқ берилган. Бу борада кўламли ишлар бажарилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги олдида қисқа муддатда Россия ва Чилидаги қатор илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва узумчиликдаги илғор технологияларни соҳага жорий этиш вазифаси турибди. Россияда бу соҳада катта ютуқларга эришган маскан Курчатов институти миллий тадқиқотлар марказидир. Охирги икки йилда марказда узумнинг Россия тарихидан маълум бўлган қадимий навлари геномлари тўлиқ ўқилди ва узумчилик кластери ривожланишида асосий иштирокчига айланди. Ҳозирги кунда 4 минг гектардан ортиқ майдонда узумчилик ва виночилик соҳасида генетик тадқиқотлар ўтказилмоқда.
Вазирлик мутасаддилари ва тадқиқотчилар иштирокида Курчатов институти олимлари билан видеоконференцалоқа тарзида учрашув ташкил этилиб, амалий ҳамкорлик ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди. Бирламчи қадам сифатида Курчатов институти билан биргаликда ўзаро ҳамкорлик битимини имзолашга келишилди.
Мазкур ҳамкорлик доирасида жорий йил якунига қадар узумнинг 10 та маҳаллий ва қадимий нави (жумладан, оқдум ва қизилдум навлари) ҳамда виночилик ва озиқ-овқат саноатида ишлатиладиган микроорганизмларнинг бир неча ноёб штаммлари танлаб олиниб, тўлиқ геномлари ўзбек олимлари иштирокида Курчатов институтидаги катта ҳажмли ДНК секвенаторларда ўқилади.
Аниқланган геном ахбороти асосида узум селекцияси учун янги авлод геном технологияларини яратиш ҳамда унинг асосида узумнинг юқори маҳсулдор уруғсиз (данаксиз) навларини яратиш технологиялари ишлаб чиқилади. Ҳамкорлик доирасида ҳозир мавжуд истиқболли Россия навларини Ўзбекистонга олиб келиб, In vitro шароитда кўпайтиришни йўлга қўйиш ҳамда In vitro кўпайтириш технологиясини ўзлаштириш ва жорий қилиш ҳам кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институтидаги микроорганизмларнинг саноат штаммлари геномлари Курчатов институтининг 2500 дан ортиқ штаммига қиёсий ўрганилиб, институтдаги коллекцияда мавжуд бўлмаган янги штаммлар билан бойитилади ҳамда виночиликда ўзбек бренди сифатини ошириш учун янги штаммлар саноатга жорий қилинади.
Халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширадиган яна бир ишимиз Чили тажрибасини йўлга қўйишдан иборат. Бежиз бу давлат тажрибасини ўрганиш ва у ердаги илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик ўрнатишга киришилмади. Сабаби, Чили узум ва виночилик кластерида қўшимча қиймат ярата олган энг илғор давлатлардан, десак муболаға бўлмайди. Масалан, Чилидаги Талька университетининг қишлоқ хўжалиги фанлари факультети негизида узумчилик ва виночилик технологиялари маркази фаолият кўрсатади. Марказдаги 5 та лаборатория кичик ишлаб чиқарувчиларнинг анъаналарини сақлаб қолиш, уларни рағбатлантириш ва виночиликда таннархни арзонлаштириш билан бирга, қўшимча қиймат яратиш мақсадида маҳсулотларни сопол идишларда ишлаб чиқиш, сақлаш ва тарқатиш учун прототиплар яратилишини доимий қўллаб-қувватлайди. Бу йўналишда мунтазам изланишларни йўлга қўйган. Сунъий интеллект ёрдамида турли ҳудудларда етиштирилаётган узумзорлар ҳосилдорлигини прогнозлайди ва узум навларининг генетик софлигини таъминлайди.
Бундай янгиликлар жорий қилиниши мамлакатда камбағалликни қисқартириш учун катта имкониятлар яратади. Хонадон узумчилиги эса унутилган асрий анъанамизни тиклаш билан бирга, хусусий тадбиркорликнинг янги шаклларига йўл очади. Франция, Испания каби мамлакатларда ана шундай хонадонларнинг ўз машҳур брендлари бор. Улар маҳсулотларини бир қанча мамлакатларга экспорт қилади. Энди бундай имконият юртимиз миришкорлари учун ҳам яратилади.
Келгуси икки йилда мамлакатдаги умумий токзорлар майдонини 150 минг гектарга етказиш, соҳага илм-фан ва инновацияларни жорий қилиш орқали ҳосилдорликни икки баробар ошириш кўзда тутилмоқда. Узумнинг юқори ҳосилдор, совуққа чидамли ва данаксиз навларини яратиш бўйича Россия, Чили ва шу каби мамлакатларнинг етакчи илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик йўлга қўйиш, узумни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришнинг тўлиқ циклини яратиш, мазкур соҳадаги кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, касалликларга чидамли, юқори ҳосилдор, сертификатланган янги навларни жорий қилиш каби комплекс чора-тадбирлар натижасида қисқа муддатда юртимизда соҳа тубдан янгиланиб, юқори самарадор тармоққа айланади. Табиийки, илм-фан ва амалиёт уйғунлиги натижасида мамлакатда узумчилик сир-асрорларини пухта эгаллаган мутахассис миришкорлар қатлами шаклланади.