Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, Шўрчи тумани «Хушчекка» маҳалласида яшовчи фуқаро Т.И. ўзига тегишли бўлган «REMINTON-700» русумли ов қуроли билан "Қизил китоб"га киритилган бир бош эркак Бухоро тоғ қўйини ноқонуний равишда овлаган.

Ушбу ҳолат билан «Ов қилиш ва ов хўжаликлари тўғрисида»ги ҳамда «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун талаблари қўпол равишда бузилган.

Мазкур ноқонуний овчилик оқибатида табиатга етказилган зарар миқдори Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 412 000 000 (тўрт юз ўн икки миллион) сўм этиб белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, қонунчиликка кўра, етказилган моддий зарарни қоплаш айбдор деб гумон қилинаётган шахсни белгиланган тартибдаги жиноий ёки маъмурий жавобгарликдан озод этмайди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Фуқаролардан мана шундай ҳуқуқбузарликларга гувоҳ бўлган тақдирда ички ишлар ёки экология органларига хабар беришлари сўралди.

Маълумот ўрнида:

Бухоро тоғ қўйи (Ovis vignei Blyth) бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турган, камёб тур ҳисобланиб, Ўзбекистон Қизил китобига 1-тоифа билан киритилган.

Ушбу жонивор асосан Боботоғ, Кўҳитанг ва Ҳисор тоғ тизмаларида, 800–2500 метр баландликларда яшайди. Ташқи кўринишидан эчкиларга ўхшаса-да, ўзига хос бурама шохлари ва соқолсизлиги билан ажралиб туради.

2000 йилларга келиб бу турнинг сони кескин камайиб кетгани сабабли у алоҳида муҳофазага олинган.

"Бугунги кунда ушбу ноёб ҳайвонларни асраб қолиш нафақат экологлар, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир", — деб хабар берди Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси матбуот хизмати.