Қўлида маблағи йўқ инсон учун кредит бир имкониятдир. Бугун банклар томонидан якка тартибдаги тадбиркорларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар берилишида банк, тадбиркор ва таъминотчи ўртасида шартномалар тузилаётир. Бундай шартномалар шарти кўп ҳолларда таъминотчилар томонидан бузилаётганинига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Самарқанд вилояти Иштихон тумани “Каттақангли” МФЙда яшовчи Гулҳаё Сайдуллаева шу йил 12 январь куни Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ишонч телефонига мурожаат қилган. Айтишича, фуқаро "Агробанк"нинг тегишли филиалидан тикувчилик фаолиятини бошлаш учун 27 миллион 300 минг сўм имтиёзли кредит олган. Уч томонлама шартномага мувофиқ, Гулҳаё Сайдуллаевага таъминотчи Комил Туйғунов томонидан 27 миллион 300 000 сўмлик тикув машинаси ва хомашё етказиб берилиши керак бўлган. Маблағ банк томонидан таъминотчига ўз вақтида ўтказилган бўлса ҳам келишувга биноан Комил Туйғунов тадбиркорга вақтида тикув машинаси ва хомашёни етказиб бермаган.
Ушбу мурожаат Самарқанд вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилди. Таъминотчи Комил Туйғуновга шартномани бажариш тамойиллари тушунтирилди. Истеъмолчининг ҳуқуқлари қонуний жиҳатдан ҳимояланиб, мурожаати ижобий ҳал этилди. Г.Сайдуллаевага 27 миллион 300 000 сўмлик тикув машинаси ва хомашё етказиб берилди.
Гулноза ШАРАФОВА,
журналист