Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар ўртасида илм-фан, санъат, маданият, ахборот технологиялари, бадиий ижод, архитектура, дизайн, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик каби соҳаларни янада оммалаштиришни мақсад қилган.
Унда шаҳар ва туманлардан танлаб олинган иқтидорли ёшларнинг ижод намуналари кўриб чиқилди. Шаҳар-туман босқичларида муносиб деб топилганлари вилоят кўрик-танловига ҳавола этилди.
Хоразм вилоят миқёсида бўлиб ўтган кўрик-танловда қўлга киритилган ютуқларимиздан бири шу бўлдики, унда чекка ҳудудлардан ҳам кўплаб ҳали биз танимаган, билмаган иқтидорли ёшлар юзага чиқди. Қишлоқларда ҳам ижодкор ёшларимиз етарли эканлигига яна бир бор амин бўлдик. Булар Президентимиз томонидан олиб бораётган ислоҳотлар, айнан Ёшлар Маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус доирасида олиб борилаётган ишлар натижаси десак янглишмаймиз.
Танловнинг Хоразм вилояти босқичида Шовот тумани ёшлари фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. «Тасвирий ва амалий санъат» йўналиши «амалий санъат» номинацияси бўйича Шовот туман 8-сон мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Сопарбоева Шаҳзода фахрли 2-ўринга муносиб топилди. Бадиий адабиётнинг «Назм» йўналиши бўйича Республика «Зомин» семинари қатнашчиси Умиджон Қўзиев фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Мазкур ёшларимиз Республика Маънавият ва маърифат марказининг Хоразм вилоят бўлимининг Диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Қувонарлиси, туманимиздаги мактаб ўқувчилари орасида иқтидорли ёшларнинг юзага чиқишидир. Танлов уларни янада кўпроқ изланишга, ижод қилишга, ҳаракатдан тўхтамасликка ундаши шубҳасиз.
Юлдошев Сарвар,
Маънавият ва маърифат маркази
Хоразм вилояти Шовот туман
бўлими мутахассиси.