Анъанага мувофиқ, мазкур танлов Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан Ёзувчилар, Журналистлар, Бадиий ижод, “Ҳунармандлар” уюшмалари ҳудудий бўлинмалари, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият вазирликларининг вилоят бошқармалари билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Танловда илм-фан, санъат, маданият, ахборот технологиялари, бадиий ижод, архитектура ва дизайн, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик каби соҳаларда фаолият юритаётган, ташаббускор ва фидойи талаба-ёшлар рағбатлантирилди.
Танловнинг саралаш босқичлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида жорий йил 12-15 декабрь кунлари “Миллий мақом ва миллий эстрада”, “Тасвирий ва амалий санъат”, “Адабиёт ва публицистика” йўналишларида ўтказилди.
Эътиборлиси, бу галги кўрикда иштирок этиш учун 600 нафарга яқин номзод ариза топширган бўлиб, 59 нафар иштирокчи вилоят босқичи йўлланмасини қўлга киритди.
Барча иштирокчиларнинг ижодий ишлари, асарлари ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, баҳоланди. Хусусан, 10 нафар ғолибга диплом ва қимматбаҳо совғалар, 7 нафар рағбатлантирувчи номинация ғолибига сертификат ва китоблар тўплами ҳамда 42 нафар фаол иштирокчига эса сертификатлар топширилди.