Спортчиларимиз эришган зафарлар юртимиздаги деярли ҳар бир хонадонда тантана қилинди. Бир сўз билан айтганда, Ватан шарафи ҳимояси бутун Ўзбекистонни бир байроқ остида бирлаштирди.
Шоҳсупада Ўзбекистон номи эълон қилиниши, байроғимизнинг юксак ҳилпираши, давлатимиз мадҳияси янграши шу мамлакатда яшаётган, шу юртга ўзини дахлдор билган ҳар бир фуқаронинг қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини жўштирди.
Таъкидлаш жоизки, бу сафарги Олимпиада ўйинлари пандемия шароитида, бироз ўзгача кўринишда ўтгани билан ҳам тарихда қолди. Шундай бўлса-да, жорий йилнинг 23 июлидан 8 августига қадар бўлиб ўтган Токио Олимпиадасида ўзбекистонлик спортчилар 3 олтин ва 2 бронза медални қўлга киритди. Шу тариқа, Ўзбекистон медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида 32, МДҲ мамлакатлари орасида 2, туркий тилли ва Марказий Осиё давлатлари ичида 1-ўринни эгаллади.
Шунингдек, мамлакатимиз оғир атлетикачилари кетма-кет Олимпиада рекордини янгилади.
Жамоамизга илк олтин медални таэквондо устаси Улуғбек Рашидов тақдим этди. 19 ёшли спортчимиз Ўзбекистон тарихида Олимпиада олтин медалини қўлга киритган энг ёш спортчи сифатида қайд этилди.
21 ёшли оғир атлетикачимиз Акбар Жўраев умумий ҳисобда 430 килограмм тошни ўзига бўйсундириб, Олимпия рекордини ўрнатди ва жамоамизга иккинчи олтин медални келтирди.
Баҳодир Жалолов финалда америкалик боксчини таслим қилган ҳолда Ўзбекистонга, халқимизга учинчи олтин медални туҳфа қилди.
Ўзбек дзюдосининг умидли вакили Давлат Бобонов ва эркин курашчимиз Беҳзод Абдураҳмонов эса бронза медални қўлга киритди.
* * *
9 август оқшоми. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти байрамона безатилган. Бу ерда Токио Олимпиадаси иштирокчиларининг ота-оналари, яқинлари, парламент ва ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, ижодкор-зиёлилар, журналистлар жам бўлган.
Ҳамма ҳаяжонда. “Ўзбекистон” деб ёзилган, байроғимиз акси туширилган самолёт оҳиста қўнди. Карнай-сурнай садолари, олқишлар остида спортчиларимиз ва уларнинг мураббийлари тантанали кутиб олинди.
Тошкент аэропорти майдонида ташкиллаштирилган маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон халқ шоири М.Тоир, Ўзбекистон халқ артисти Ё.Саъдиев, Токио Олимпиадаси ўйинлари ғолиблари, уларнинг яқинлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатда спортни ривожлантиришга, спортчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунинг учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилаётганини эътироф этиб, бундай ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.
— 2019 йил Президентимизга берган ваъдамни бажардим. Ғалабамни Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлайман, деб ният қилган эдим. Шу ниятим, орзуимга ҳам етдим. Ғалабага осонлик билан эришилмайди. Мураббийларимиз билан кўп меҳнат қилдик, Токиода туриб ҳам юртдошларимизнинг қўллаб-қувватловини ҳис қилдим. Халқимизга минг раҳмат. Бизга барча шароитларни яратиб берган Президентимиздан алоҳида миннатдормиз. Ҳаммаси
учун ташаккур, — деди Токио Олимпиадаси олтин медали соҳиби, жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов.
Спортчиларимиз “Янги Ўзбекистон — янги ғалабалар!” шиори билан безатилган очиқ автобусларда пойтахт кўчалари бўйлаб йўлга чиқди. Вақт алламаҳал бўлишига қарамай, йўл бўйида минглаб юртдошларимиз ўз қаҳрамонларини кўтаринки кайфият ва миннатдорлик ҳисси билан олқишлаб турди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида спортчиларимизни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Токио Олимпиадаси медалларига мушарраф бўлган спортчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари — енгил автомашина ва уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди.
Спортчиларимизни кутиб олиш ва тақдирлаш маросимларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувохитов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди.